Ёшлар парламентининг фаолияти сарҳисоб қилинди
Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ҳисобот мажлиси бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшларни қўллаб-қувватлаш учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, Ёшлар масалалари бўйича кенгаш, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси ташкил этилиб, улар асосида ёшлар билан янгича ишлаш тизими йўлга қўйилаётир.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида давлатимиз раҳбари ўзбек тилида сўзлаган тарихий нутқида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида бўлишига урғу берилгани таъкидланди. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш ташаббуслари Президентимиз томонидан илгари сурилгани, халқаро миқёсда долзарб бўлган ушбу ташаббусларни амалга оширишда биринчи навбатда Ёшлар парламенти аъзолари фаол бўлиши талаб этилиши билдирилди.
Ҳисобот мажлисида Ёшлар парламенти томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар, 2021 йилдаги устувор вазифалар, Ёшлар парламенти аъзоларини сенаторларга “устоз-шогирд” анъанаси асосида бириктириш ва бошқа турли масалалар муҳокама этилди.

Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламентининг ҳудудларда ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини жамоатчилик, жумладан, парламент минбарига олиб чиқиш, қонун ижодкорлигида ёшлар иштирокини таъминлаш борасида олиб бораётган фаолияти ҳақида Ёшлар парламенти раиси томонидан батафсил маълумот берилди.
Хусусан, Ёшлар парламенти аъзолари томонидан назорат-таҳлил фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида турли мавзуларда халқаро ва маҳаллий 22 та онлайн конференция, давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилган. Ҳудудлардаги ёшлар муаммоларини ўрганиш ва улар билан мулоқотларни амалга ошириш мақсадида 1000 дан ортиқ ёшлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларни қийнаётган масалалар ва таклифлар ўрганилган.
Хоразм ва Тошкент вилоятининг туман, шаҳарларида Ички ишлар профилактика ходимларининг рўйхатига олинган 167 нафар ёш билан мулоқот ўтказилди. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида улардан 58 нафар ёшни профилактик ҳисобдан чиқариш бўйича тавсиялар берилди ва улар ўз қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда тўгаракларга, касб-ҳунар ва турли спорт машғулотларига жалб қилиниб, аксариятининг бандлиги таъминланди.
Карантин даврида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкиллаштириш ва она тилимизни тараннум этиш ва тарғиб қилиш мақсадида ўқувчи-ёшлар иштирокида “Миллатим ўзлигисан, она тилим” онлайн кўрик-танлови ўтказилди.
Танловда республика бўйлаб 2 минг 500 дан ортиқ ёш 5 мингга яқин ижодий иши билан иштирок этди. Ғолиблар муносиб тақдирланди.
Шунингдек, Ёшлар парламенти аъзолари мунтазам равишда Сенатнинг ялпи мажлисларида ҳамда қўмиталар мажлисларида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида қатнашиб, қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш жараёнидаги муҳокамаларда ҳамда парламент сўровлари учун таҳлилий маълумотлар тайёрлашда фаол иштирок этиб келмоқда.
Жумладан, Парламент аъзолари “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтказилган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида конвенция лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этиб, лойиҳага янги нормативларни қўшиш бўйича долзарб таклифларни илгари сурди.
– Бугун мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг янгича, ноёб тизими йўлга қўйилмоқда, – дейди Ёшлар парламенти аъзоси Севара Маҳмудова.
– Сабаби, 2017 йилда Президентимиз БМТ минбаридан туриб, тарихда биринчи бор Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳасини қабул қилиш ташаббусини билдирган эди. Бугунги кунда дунё аҳолиси 7 миллиардни ташкил этса, шундан 2 миллиарди ёшлар. Лекин уларнинг ҳуқуқларини умумжаҳон миқёсида бирлаштирувчи ҳужжат йўқ эди. Ўтган йили мазкур конвенция лойиҳаси бутунжаҳон Самарқанд ёшлар форумида муҳокама қилинди. Биз ёшлар ҳам форумда иштирок этиб, бир қатор таклифларни билдирган эдик.

Ёшлар парламенти аъзолари қисқа даврдаги фаолияти давомида меҳр ва эътиборга муҳтож ёшларнинг орасига кириб бора олди. Жумладан, парламент аъзолари Болалар мусиқа ва санъат мактабларида пуллик таҳсил олаётган кўзи ожиз бўлган ўқувчи-ёшларни ҳамда келгусида мазкур таълим муассасаларига ўқишга келувчи кўзи ожиз бўлган ёш болаларнинг давлат бюджети ҳисобидан таълим олишини ташкил қилиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини ишлаб чиқиб, Сенатга тақдим этди.
Бунинг натижасида мазкур масала юзасидан Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан мутасадди вазирликка сенаторлик сўрови юборилиб, ушбу масаланинг ижобий ҳал қилинишида Ёшлар парламенти аъзолари роли катта бўлди.
Мажлис давомида Сенат Раиси томонидан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш каби масалалар Ёшлар парламенти фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, бу борада ҳудудий аъзоларнинг ҳам фикр- мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.
Нурилло Насриев, ЎзА