Ёшлар парламент фаолияти билан танишди
Мамлакатимизда ёшлар масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Юртимизда кечаётган демократик янгиланишлар жараёнида ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, уларни қонун ижодкорлиги тизими билан яқиндан таништириш, жамият бошқаруви ва сиёсий жараёнларга нисбатан дахлдорлик туйғусини шакллантириш муҳим ҳисобланади.
“Ёшлар куни” муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши марказий аппарати масъул ходимлари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Мулоқотда асосий эътибор ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг фикр ва таклифларини бевосита эшитиш ҳамда истиқболли кадрларни партиявий тизимга, сиёсий жараёнларга жалб этишга қаратилди.
“Адолат” СДП фракцияси раҳбари ўринбосари Муҳаммаджон Валиев парламент қуйи палатаси қошида фаолият юритаётган “Ёшлар парламенти” ҳақида ёшларга батафсил маълумот берди. Шунингдек, фракция томонидан ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларида ижтимоий адолат тамойилларининг акс этиши, жамият ривожида сиёсий партияларнинг ўрни ва “Ёшлар қаноти”нинг истиқболдаги режалари, таълим ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари борасида ёшларга батафсил маълумот берди.

Шунингдек, “Алфраганус” университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Мўминжон Хўжаев, партия фракцияси аъзолари Шуҳрат Якубов ҳамда Манзура Салимова ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини сиёсий майдонда намоён этиш имкониятлари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.
Мулоқот давомида талабалар қонунларнинг қабул қилиниш жараёни, депутатлик сўровларининг самарадорлиги ва ёшлар бандлигини таъминлашга оид ҳуқуқий механизмлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.

Тадбир давомида ёшлар парламент фаолияти билан яқиндан таништирилиб, улар учун Қонунчилик палатаси биноси бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Ёшлар "Халқ уйи" кутубхонаси ва музейида бўлиб, ўзбек давлатчилиги ва парламент тарихига оид нодир манбалар билан танишдилар. Шунингдек, ялпи мажлислар залида энг муҳим сиёсий қарорлар қабул қилинадиган муҳитни бевосита ўз кўзлари билан кўриб, ҳис қилдилар.
Бу каби учрашув ва тадбирлар талаба-ёшларда сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш билан бирга, сиёсий етакчилик, ташаббускорлик сифатларини шакллантиради, сиёсий жараёнларга нисбатан қизиқишларини оширади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА