Ёшлар ўз ғояларини амалий лойиҳалар орқали намоён этишди
Ховос туманида ёшларнинг янги ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган стартап лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Унда ёшлар ўз ғояларини амалий лойиҳалар орқали намоён этиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш имкониятларини муҳокама қилишди.
Тақдимотда туман прокурори Фахриддин Раҳимов, ҳокимлик масъуллари, ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари, шунингдек, фаол ва ташаббускор ёшлар иштирок этишди.
Лойиҳалар турли йўналишларни қамраб олган бўлиб, уларнинг ғояси, амалий аҳамияти, фойдаланувчилар учун қулайлиги ва келгусида ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Ёшларнинг мавжуд муаммоларга замонавий ечим таклиф этаётгани, рақамли технологиялар ва инновацион ёндашувлардан фойдаланишга интилаётгани тақдимотнинг муҳим жиҳатларидан бири бўлди.
Тақдимот жараёнида ҳар бир лойиҳанинг нафақат ғояси, балки уни амалиётга татбиқ этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Мутахассислар лойиҳаларни бозор талабларига мослаштириш, мақсадли аудиторияни аниқлаш, техник ечимларни такомиллаштириш, молиявий барқарорликни таъминлаш ва босқичма-босқич ривожлантириш бўйича тавсиялар беришди.
[gallery-31472]
Мулоқот давомида стартапни ғоя даражасида қолдирмасдан, уни аниқ маҳсулот ёки хизматга айлантириш, амалиётда синаб кўриш, зарур ҳолларда инвестиция ва бошқа қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Бундай лойиҳалар ёшларнинг замонавий касб ва технологияларга қизиқишини ошириш билан бирга, мустақил фикрлаш, муаммони таҳлил қилиш ва унга инновацион ечим топиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, тақдимотлар ёшлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиб, истиқболли ғояларни такомиллаштириш ва уларни амалий лойиҳаларга айлантириш учун қўшимча имконият яратади.
Тадбир якунида ёшларнинг стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истиқболли лойиҳалар устида ишлашни давом эттириш ва уларни амалиётга жорий этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА