“Ёшлар овози” истеъдодларни сараламоқда
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ёшларнинг мусиқа ва санъатга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида “Бўзатов иқтидорларни кашф этади” шиори остида ўтказилаётган “Ёшлар овози” танловида 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар бахшичилик, анъанавий, опера, эстрада ижрочилиги йўналишларида ўз иқтидорларини намойиш этмоқда.
Мазкур танлов ёшларнинг истеъдод ва иқтидорларини юзага чиқаришда кенг имкониятлар эшигини очиб беради. Шу боис ҳам унда жуда кўплаб ёшлар қатнашиш истагини билдирди.
– Андижон вилоятида барча йўналишлар бўйича 18 минг 603 нафар, жумладан, бахшичилик йўналишида 311 нафар, анъанавий ижрочилик йўналишида 6 минг 444 нафар, опера йўналишида 1 минг 488 нафар, эстрада йўналишида эса 10 минг 671 нафар ёш мазкур танловда қатнашиш истагини билдириб, махсус бот орқали онлайн рўйхатдан ўтди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари Назирахон Убайдуллаева. – Улар дастлаб вилоятдаги 910 та маҳаллада ўтказилган танловнинг маҳалла босқичида ўзларининг истеъдод ва маҳоратларини синовдан ўтказди.
[gallery-16711]
Маҳалла босқичларида саралаб олинган 6 минг 708 нафар ёш иқтидор эгаси 25-30 март кунлари бўлиб ўтган танловнинг секторлар босқичида иштирок этди. Улар орасидан энг муносиб, деб топилган 583 нафар иштирокчи танловнинг туман, шаҳар босқичларига йўлланма олди. Энди улар вилоят босқичида қатнашиш учун ўз имкониятларини синовдан ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, “Ёшлар овози” танловининг республика босқичи жорий йил июнь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманида бўлиб ўтади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари