Ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш – асосий мақсадимиз
Жисмоний машғулотлар касалликлар олдини олиш билан бирга уларни даволаб, ҳаётдан янада кўпроқ завқ олишимизга имкон беради. Тадқиқотчилар ёшларни фаол жисмоний машғулотларни канда қилмасликка чақиради, аммо 40 ёшдан кейин ҳам жисмонан фаол бўлишга имкон етарлича эканини таъкидлаш ўринли. Хўш, бу борадаги замонавий муаммолар нималардан иборат?
Ҳозирги кунда биз ҳаракатсизлик оқибатида юзага келувчи соғлиқ муаммоларидан замонавий тиббиёт ёрдамида нисбатан халос бўлишга одатланиб қолганмиз. Инсоннинг умр давомийлиги кескин ошгани билан унинг соғлом ҳаётдан завқ олиб яшашига замин яратувчи касалликларсиз давр қисқа муддатдан иборат бўлиб қолмоқда.
Тиббиёт ривожланаётганига қарамай, жисмоний машқлар дорилар орқали эришишнинг имкони йўқ фойдаларини бера олади. Масалан, маълумотларга қараганда ҳозирга қадар мускуллар бўшаши ва қувватнинг кетишидан сақлайдиган бирор дори ўйлаб топилмаган экан.
Соғлом турмуш тарзини ташкил қилиш учун нима қилиш керак?
Мутахассисларнинг қайд этишича, кексалик чоғида ҳам бақувват юриши учун ҳамма атлетика билан шуғулланиши шарт эмас. Шунчаки кундалик жисмоний ҳаракатлар – масалан, катта қадамлар ташлаб юриш, сайр қилиш ёки югуриш билан шуғулланишга одатланилса, кифоя.
Тан оламизми йўқми жисмоний фаоллик ҳаётимизнинг муҳим пойдеворларидан биридир. 20 ёки ҳеч бўлмаганда 30 ёшдан бошланган жисмоний машқлар билан шуғулланиш одати кишининг кейинги умрини соғлом ўтказишини таъминлайди.
Мамлакатимизда ҳам бу йўналишда аниқ чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Бугунги кунда мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тадбиқ этиш ва оммавий спортни ривожлантириш борасидаги ишлар янги ва қизғин босқичга чиққан десак муболаға бўлмайди.
Ўз навбатида аҳолини оммавий спорт машғулотлари билан шуғулланиши учун қулай ва зарур шароит яратиш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолини оммавий спортга жалб этиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ҳамда 2021 йил 5 ноябрдаги “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workout” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, аҳоли яшаш массивларида спорт майдончаларини барпо этиш доирасида 2021 йил мобайнида 210 та бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турлари учун спорт майдончалари ташкил этилди. Худди шундай 2022 йилда қўшимча 300 та спорт объектларини барпо этиш режалаштирилган.
Республика аҳолисини оммавий спортга жалб этиш учун 2021 йил мобайнида 110 мингдан ортиқ оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, аҳолининг 26,7 фоизи жалб қилинган бўлса, 2022 йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 33 фоизга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, маҳалла аҳолисини доимий равишда оммавий спортга жалб этиш мақсадида югуриш, стритбол, мини-футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси ҳамда бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ўтказилиши йўлга қўйилди. 2022 йилнинг биринчи чорагида республика бўйича 19 минг 756 та оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, ушбу мусобақаларга 2,8 миллионга яқин иштирокчи қамраб олинган.
Жумладан, вазирлик, идора ва ташкилотлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг февраль ойида спорт тарғиботчилари ўртасида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида спортнинг, камондан отиш, қараб теп, бадминтон, мини-футбол, шахмат, сноуборд ҳамда тоғ чанғиси спорт турлари бўйича фестивал ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 1 апрель куни ўтказилган ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Қайд этилганидек, сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, маҳаллаларда 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда 3 минг 500 та мини-футбол, 6 мингта баскетбол, волейбол, 663 та бадминтон майдони, мингдан ортиқ фитнес заллари мавжуд. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ва велосипед йўллари ташкил этилди. Тараққиёт стратегиясида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини кейинги беш йилда 33 фоизга етказиш мақсади белгиланган.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 февралдаги фармон ва қарорига биноан, Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил этилди. Унинг энг муҳим вазифаларидан бири болалар ва ёшлар ўртасида спортни оммалаштиришдан иборат.
Йиғилишда Спортни ривожлантириш вазирлигига маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан бирга йил давомида 6 миллион нафар ўғил-қизни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.
Мажлисда оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, “қониқарсиз” деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Бу чекка-чекка туманларда ҳам оммавий спортни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Чунки, чекка ҳудудларда оқсаб қолган оммавий спорт тадбирларини ташкил этишда таниқли мураббий ва спортчилар иштирокини таъминласак, ёшларнинг спортга қизиқиши ортади.
Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам ёшларни оммавий спортга кенг жалб қилиш, оммавий спорт тадбирларини мунтазам ташкил этиш бўйича аниқ ишлар йўлга қўйилган бўлиб, бу борада ҳудуддаги маҳаллалар, умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда турли тадбирлар ўтказлмоқда.
Хусусан, сўнгги бир йил ичида “Спортни сев, спорт билан яша!”, “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам”, “Ким ватанга содиқ бўлса, Мендурман ўша!”, “Спорт соғлиқ гарови”, “Спорт билан оғусиз ҳаёт сари”, “Ёшлар келажагимиз” шиорлари остида 100 дан ортиқ оммавий спорт ва саломатлик тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, “Ватан тақдири - менинг тақдиримда” мавзусида машҳур спортчи ва мураббийлар, Олимпиада, жаҳон ва Осиё ғолиблари ва совриндорлари Баҳодир Жалолов, Акбар Жўраев Оксана Чусовитина билан учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Университет атрофидаги маҳалларда истоқомат қилувчи ўқувчи ёшларни спортга жалб қилиш мақсадида 22 та спорт туридан тўгараклар очилган. Талабалар ва маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг мини футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, қўл тўпи, сузиш турларидан “Ректор кубоги” мусобақалари ташкил этилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, спортни ривожлантириш борасида йиғилишда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида ҳаётга тадбиқ этилиши, фуқароларга нафақат ўз саломатликларини мустаҳкамлашга, шу билан бирга, жамиятда соғлом турмуш тарзи шаклланишига ёрдам беради.
Маҳмуджон БОЛТАБАЕВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор