Ёшлар оила қуришга тайёрми?
Оила — муқаддас даргоҳ. Оила қўрғонининг мустаҳкам бўлишида халқимизга хос сабр-қаноат, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат каби фазилатларга амал қилиш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, бу борада ёшларни юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, шунингдек, мустақил оилавий ҳаётга тайёрлашга алоҳида эътибор бериш зарур.
Янгиер шаҳрида иш бошлаган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази ҳам худди шу мақсадга хизмат қилади.
Марказ Янгиер шаҳар Адлия бўлими ҳамда Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан ташкил этилди. Очилиш маросимида Янгиер шаҳар ҳокими Отабек Носиров ва сектор раҳбарлари, никоҳланувчи фуқаролар, уларнинг ота-оналари, ибратли оилалар вакиллари иштирок этди.

–Ушбу марказ фаолияти оила қуриш остонасидаги ёшларнинг психологик, педагогик, ҳуқуқий ва аҳлоқий-билимларини ҳамда оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш, оиланинг фарзанд тарбиясидаги ўрни ва масъулиятини оширишда муҳим ўрин тутади, – деди шаҳар ҳокими.

–Янгиер шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан 2022 йилда 401 та никоҳ ҳақида ва 141 та никоҳ бекор қилинганлик ҳақида далолатнома ёзувлари қонуний расмийлаштирилган. Мазкур марказни ташкил қилишдан асосий мақсад ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, улар қалбига оила муқаддас деган тушунчани сингдириш, оилавий ажримларнинг олдини олишдан иборат, – дейди Янгиер шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Нафосат Абдулҳакимова. – Марказда асосан ФҲДЁ бўлимига никоҳдан ўтиш учун ариза берган никоҳланувчи фуқаролар ўқитилади. Албатта, ушбу марказ никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси масалалари бўйича тизимли тайёрлаш баробарида, уларда оилавий қадриятларни сақлаш, ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашади.

Тадбир ниҳоясида иштирокчиларга ўқув қўлланмалари, мавзуга доир тарғибот материаллари тарқатилди.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА