Ёшлар муаммолари назоратга олинди
Нурафшон шаҳрида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зуҳра Миргазиева, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, «Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» ўринбосари Азизбек Ходжаев ҳамда идора, ташкилотлар раҳбарлари, масъул шахслар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Таъкидланганидек, бугунги ислоҳотлар самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, ташаббускор ёшларга қулай шароит яратиш муҳим аҳамиятга эга. Бу йил биринчи чоракда вилоят туман ва шаҳарлари бўйича 14 минг 936 нафар йигит-қиз бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик фаолияти учун 1 минг 198 нафар ёшга 52 миллиард 662 миллион сўм кредит ажратилган. Йил бошидан бугунги кунга қадар 10 минг 234 нафар ишсизга 2 минг 629,2 гектар ер майдонлари ажратилди.
Субсидиялар ажратиш орқали 131 нафар ёшлар бандлигига кўмаклашилиб, 664,4 миллион сўм маблағ ажратилди. Бугунга қадар «Ёшлар:1+1» лойиҳаси асосида жами 2 минг 64 нафар ёш эса тажрибали тадбиркорлар ва ҳунармандларга бириктирилди. Бундан ташқари, 1 минг 88 нафар ёшларга касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилгани бўйича сертификатлар топширилди.
Ёшлар томонидан бугунги кунда тадбиркорликни амалга ошириш, ўқув марказларини ташкил этиш, зиёрат туризмини йўлга қўйиш борасида юзага келаётган муаммолар юзасидан савол-жавоблар муҳокама қилинди. Хусусан, нурафшонлик 18 ёшли Абдулла Йўлдошев аҳолини сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича тадбиркорликни йўлга қўйиш учун олаётган кредитга кафил тополмаяпти.
– Шу масалани ижодий ҳал қилиб бериши бўйича мутахассисларга мурожаат қилдим, – дейди А.Йўлдошев.
– Ушбу тадбиркорлик лойиҳам орқали 15 нафар мен каби йигитлар иш билан банд бўлади. Келгусида фаолиятимизни янада такомиллаштиришни ҳам режалаштирганмиз. Масъуллар ижобий ёрдам кўрсатишга ваъда беришди.

Тадбирда иштирок этган айрим ёшларнинг мурожаатига масъул раҳбарларнинг ўз вақтида жавоб бермаётгани, сусткашлиги ва эътиборсиз қолдираётгани кўплаб норозиликларга сабаб бўлаётгани айтиб ўтилди. Шу туфайли ўзларини режалаштирган тадбиркорлик лойиҳалари кечикиши кузатилмоқда. Мутахассислар томонидан бу каби салбий ҳолатлар тегишли тартибда назоратга олиниши юзасидан вазифалар белгиланди.
А.Мусаев, ЎзА