“Ёшлар куни” учрашувлари
Бугун Фарғона вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Ғ. Алавиддинов Фарғона техника университети талаба ёшлари билан учрашди. У очиқ мулоқот, фикр алмашиш ва ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш руҳида ўтди.
Тадбир давомида бошқарма бошлиғи ёшларга бугунги кунда республика миқёсидаги ёшлар сиёсати давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича сўз юритди.Уларни келажакда фавқулодда вазиятлар тизимига жалб этиш ҳамда касбга йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, соҳа фаолияти, хизмат шароитлари, замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳамда келажакдаги режалари бўйича фикр алмашдилар.
Учрашувнинг амалий қисми янада қизиқарли ва мазмунли ўтди. Билим масканида 2-босқичда таҳсил олаётган бир нечта талаба ёшлар ўз инновацион ғоя ва лойиҳалари билан чиқиш қилдилар. Жумладан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, ёнғинларни ўчириш жараёнида замонавий дронлардан фойдаланиш, сунъий интеллект ёрдамида хавфларни олдиндан таҳлил қилиш, шунингдек, соҳа ходимлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган янги электрон платформалар яратиш бўйича тақдимотлар намойиш этилди.
[gallery-28510]
Тадбир якунида ўзининг янгича ёндашувлари, ташаббускорлиги ва фаол иштироки билан ажралиб турган ёшлар Фарғона вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА