Ёшлар келажаги давлат эьтиборининг устувор йўналишидир
Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизимини ҳаётга самарали татбиқ этиш ҳамда уларнинг бандлиги, таълим олиши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун янада кенг имкониятлар яратишга қаратилган муҳим очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Бухоро давлат университетида ташкил этилган мазкур учрашув нафақат ёшларнинг дарду ташвишларини эшитиш, балки уларнинг орзу-интилишлари, ташаббуслари ва таклифларини давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватлашга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Бухоро вилояти бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилояти бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари ва битирувчилари, уларнинг ота-оналари, профессор-ўқитувчилар, давлат идоралари ҳамда ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.
Очиқ мулоқотда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев ва Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, маҳаллаларда ёшлар билан ишлашнинг янги механизмлари ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган устувор вазифалар ҳақида атрофлича тўхталишди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Бухоро вилоятининг 516 та маҳалласида ёшлар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилмоқда. Олий таълим муассасалари битирувчилари билан бир қаторда, жорий йилда ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаётган қарийб 22 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу мақсадда давлат идоралари, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда.
Учрашувнинг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, ёшлар ўз фикрини эркин билдириш, муаммоларини бевосита масъулларга етказиш имкониятига эга бўлишди. Бухоро давлат университети, Бухоро давлат педагогика институти, Бухоро давлат техника университети ва Бухоро давлат тиббиёт институти талабалари ҳамда битирувчилари меҳнат бозоридаги имкониятлар, мавжуд вакант иш ўринлари, касб танлаш, амалий ёрдам ва келгусидаги фаолиятига доир таклиф ҳамда мулоҳазаларини билдиришди.

Мутасаддилар томонидан халқ таълими, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги бўш иш ўринлари, ёш мутахассисларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шу билан бирга, касб танлашда билим, малака, ташаббускорлик ва доимий изланиш инсонни муваффақият сари етакловчи энг муҳим омил экани алоҳида таъкидланди.
Мулоқот давомида 50 га яқин мурожаат, таклиф ва муаммолар эшитилди. Уларнинг аксарияти ишга жойлашиш, магистратурада таҳсилни давом эттириш, мутахассислик бўйича иш топиш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва таълим имкониятларини кенгайтириш масалаларига оид бўлди.
Жумладан, Бухоро давлат университети Хорижий тиллар филологияси факультети битирувчиси, Ғиждувон туманининг Сармижон маҳалласида яшовчи Мафтуна Рўзиева ўз мурожаатида бакалавриатни муваффақиятли тамомлаганини, бир вақтнинг ўзида ишлаб, магистратурада таҳсил олишни режалаштираётганини, аммо амалиёт ўтаган таълим муассасасида ихтисослиги бўйича бўш иш ўрни мавжуд эмаслигини маълум қилди. Унинг мурожаати жойидаёқ кўриб чиқилиб, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари томонидан мазкур масалани ижобий ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилиши билдирилди.

Тадбир давомида фаол ва ташаббускор уюшмаган ёшлар ҳам муносиб рағбатлантирилди. Вобкентлик Оғабек Қурбонов ва Ромитанлик Абдулхай Абдуловга мотокултиваторлар, Бухоро шаҳридан Жасмина Музаффарова ҳамда Когон шаҳридан Шуҳрат Набиевга ноутбуклар тантанали равишда топширилди. Бу эса ёшларнинг меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш ва ўз ғояларини амалга оширишга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.
Шунингдек, учрашувда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий ўқув муассасаларида яратилаётган имкониятлар, хорижда таълим олиш дастурлари, давлат грантлари, имтиёзлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Бухорода бўлиб ўтган мазкур очиқ мулоқот ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги ёндашувини намоён этди. Бу учрашувда муаммолар шунчаки эшитилмади — уларни ҳал этиш бўйича аниқ масъуллар белгиланди, амалий ечимлар таклиф этилди ва ёшларга ишонч билдирилди. Энг муҳими, ҳар бир ёшнинг тақдири, орзу-интилиши ва келажаги давлат сиёсати марказида экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Зеро, билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшлар — Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигининг мустаҳкам пойдеворидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири