Ёшлар ҳарбийлар фаолияти билан танишди
"Ёшлар куни" доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан Бектемир туманидаги умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ва маҳалла ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқотда юртимизда ёшларга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрликлар, барча соҳада, шу жумладан, ҳарбий жабҳада яратилган кенг кўламли имтиёз ва имкониятлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, бугун ёшларимиз буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлиш йўлидаги самарали меҳнатини, қолаверса, фан олимпиадалари, спорт, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда юксак натижаларни кўрсатиб келмоқда.
Суҳбат давомида ёш авлод вакилларининг барча йўналишда эришаётган ютуқлари Ватанимиз нуфузини янада кўкларга кўтараётгани эътироф этилди.

Шунингдек, ёшларнинг қизиқтирган масалаларини ижобий ҳал этиш юзасидан аниқ тавсиялар берилди.
Жараёнда ташаббускорлиги, билими ва юқори натижалари билан намуна кўрсатиб келаётган ёшлардан бир гуруҳи эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Тадбир давомида ўқувчи-ёшлар билан биргаликда касбга ўқитиш марказига саёҳат ташкил этилди. Бу ерда ёшлар турли касб-ҳунарларга тайёрлаш учун мўлжалланган замонавий ўқув хоналари, ички ва ташқи амалиёт ўташ жойлари ҳамда қулай шароитлар билан яқиндан таништирилди.
Учрашув ёшларнинг ўз мақсадлари ва бу йўлдаги режаларини яна бир бор мулоҳазадан ўтказишга замин яратгани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА