Ёшлар ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбияланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт турларига қизиқтириш, касб-ҳунар ўргатиш ҳамда бандлигини таъминлаш бўйича Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилояти Термиз туманида жойлашган Миллий гвардия ҳузуридаги Қорабайир отлари маҳорат мактабида ташкил этилган тўгараклар ўғил-қизларнинг тулпорларга бўлган меҳрини, от спортига бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилмоқда.
Бош прокурор ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурори Ботир Қудратхўжаев мазкур мактабда бўлиб, ҳудудда ёшлар учун яратилган қулайликлар, ўтказилаётган ватанпарварлик тадбирларининг натижадорлиги ҳамда Миллий гвардия бўлинмаларидаги шахсий таркибнинг маънавий-руҳий аҳволи билан яқиндан танишди.
[gallery-10558]
Тадбир доирасида, мактабда бир гуруҳ уюшмаган ёшлар ва ўқувчилар учун тадбир ташкил этилди. Унда ёшлар бой тарихий меросимиз ва миллий спорт ўйинлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди. Шунингдек, Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармаси ва Қўриқлаш бошқармасининг техникалари, қурол-аслаҳа ва махсус ҳимоя воситалари намойиш этилди. От спортининг “от устида кураш”, “конкур” ҳамда “тентпеггинг” бўйича беллашувлар уюштирилди. Отлар ёрдамидаги иппотерапия машғулотлари асосида беморларни даволаш ишлари кўрсатиб берилди. Шундан сўнг, ёшлар ўртасида спортнинг камондан отиш тури бўйича мусобақалар ўтказилиб, уларнинг мерганлик қобилияти синовдан ўтказилди.
Республика ҳарбий прокурори машғулотларда қатнашаётган ёшлар билан мулоқот қилди. Вилоятда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, иш билан таъминлаш, Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилаётган бу каби чора-тадбирларни янада жадаллаштириш ва оммалаштириш зарурлиги юзасидан масъулларга тегишли тавсиялар берди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА