Ёшлар фестивалда фаол иштирок этди
Данғарада “Янги Ўзбекистон ёшлари – келажак пойдевори” шиори остида фестивал ўтказилди.
Фарғона вилояти Данғара туманидаги “Телиминг” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган фестивал доирасида маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари бўлиб ўтди.

Маҳалла ёшларини эзгу мақсадлар сари бирлаштирган тадбир чинакам ёшликнинг шукуҳли шодиёнасига айланди. Ёшлар мамлакат эртаси ва жамият келажагини белгиловчи куч. Уларнинг баркамол вояга етиши, салоҳиятли ва илғор фикрлайдиган авлод бўлиб улғайиши ҳамда эзгу мақсадлар рўёби йўлидаги интилишларини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, шарт-шароитлар яратиш ва атрофида жипслаштириш бугуннинг устувор вазифаларидан бири.

Бугунги кунда ёшлар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада оширишга доимий эътиборда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 январда қабул қилинган “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, амалий ишларга киришилди. Данғара туманида бўлиб ўтган ёшлар фестивали навқирон авлод камолотига бўлган юксак эътибор ифодаси бўлди.
Дастлаб “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида юриш марофони ва бадантарбия машғулотлари ўтказилди. Туман ахборот–кутубхона марказининг маҳаллада филиали очилиб, ёшларни ўз бағрига чорлади.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов, туман ҳокими Шуҳратжон Тожиҳакимов ёшлар ислоҳотларнинг етакчи кучи эканлигини таъкидлаб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.

–Туманимиз аҳолисининг 22 фоизини 18-30 ёшдаги ёшлар ташкил қилади, – дейди туман ҳокими ўринбосари Шаҳноза Ўринова. – 3 минг 946 нафари “Ёшлар дафтари” га киритилган бўлиб, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш, касб-ҳунарга ўқитишга алоҳида эътибор беряпмиз. Бугунги кунда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида 3 минг 724 нафари дафтардан чиқарилди. Бешта ташаббус доирасида ҳудудларда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мана бундай тадбирлар эса ёшларга катта руҳ бағишламоқда, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтмоқда. Ҳарбийлар, Миллий гвардия ҳамда ички ишлар ходимларининг кўргазмали чиқишлари ва ҳарбий техникаси намойиш этилди. Данғаралик ёшларнинг ижод намуналари барчада катта таассурот қолдирди. Маҳалла ёшлар ўртасида футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси бўйича мусобақалар, ош танловлари, “Заковат” интеллектуал баҳслари, компьютер ўйинлари бўйича беллашувлар янада шукуҳли кечди. Айниқса, санъаткорларнинг дилрабо қўшиқлари анжуманга янада файз киритди.
М. Сулаймонов, ЎзА