Ёшлар етакчилари янада фаол бўлади
Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчилари иштирокида йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, хатлов орқали оғир тоифадаги, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга ёрдам кўрсатиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумки, мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариши, ўқиб, пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилди. Айниқса, уюшмаган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида Ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Ўтган давр давомида Андижон шаҳрида ҳам ёшлар етакчилари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Йиғилишда ана шу йўналишдаги ишлар, ютуқ ва муаммолар атрофлича таҳлил этилди. Шунингдек, ёшлар билан ишлашнинг янгича механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини янада ошириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
[gallery-18757]
Бундан ташқари, ёшлар хатловини бекаму кўст ўтказиш, маҳаллаларда ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш, уларнинг турли лойиҳарда фаол қатнашиши, фаол бўлиши юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари