Ёшлар етакчилари ҳар соҳада пешқадам
Мамлакатимизда йил сайин ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш, ўқиш, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар эшиги очилмоқда. Айниқса, уюшмаган ва маҳалла ёшлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, бу саъй-ҳаракатларда Тошкент вилоятидаги 1 минг 25 та маҳаллада ёшлар етакчилари томонидан ҳудуд йигит-қизларини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, охирги 6 ойда 6 минг 792 нафар ёшга турли йўналишларда “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 17 миллиард 32 миллион сўм маблағ эвазига амалий кўмак кўрсатилди. Бундан ташқари 10 минг 12 нафар ишсиз ёшнинг 7 минг 501 нафарининг бандлиги таъминланди. Ёшлар ишлари агентлигининг лойиҳа ва ташаббуслари доирасида “Ибрат фарзандлари” лойиҳасини ёшлар ўртасида кенг тарғибот қилиш мақсадида 168 мингдан зиёд ёшларга тил ўргатиш режалаштирилган. Ҳозирда шулардан 21 минг нафаридан зиёдига тил ўргангани бўйича сертификат тақдим этилди. Мазкур натижаларда айнан жойлардаги етакчиларнинг ўрни катта. Жумладан, Бўка туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлаган Шоҳруҳ Ҳакимов илгари новвойхонада ишлаган.

– Маҳалламизда яқин йиллар ичида амалга оширилган ишлар ҳақида узоқ гапириш мумкин, – дейди ёшлар етакчиси Ш.Ҳакимов. – Ўтган йилдан бери маҳаллада ёшлар билан индивидуал ишлаш тизимини жорий этиш учун 14-30 ёшдаги 620 нафар ёш фаолияти таҳлил қилинди. Улар уч тоифага ажратилиб, тарбияси оғир ва алоҳида ишлаш зарур бўлган ёшлар турли даражадаги ташкилот-муассасалар раҳбарларига индивидуал бириктирилди. Натижада ёрдам кўрсатилиши зарур бўлган 13 нафар ўғил-қизнинг барчасига амалий кўмак берилди. Жорий йил ҳам 524 нафар ёш муаммоларини ҳал қилиш борасида иш олиб борилмоқда. Бўстонлиқ туманидаги Хўжаобод маҳалла ёшлар етакчиси Руҳшона Аҳророванинг ҳудудида 802 нафар йигит-қиз яшайди.

– Маҳалламиздан хорижга кетган ёшларнинг 5 нафари қайтарилиб, ишга жойлаштирилди, – дейди Р.Аҳророва. – “Оғир” тоифадаги жами 14 нафар ёшга амалий кўмак кўрсатилди. Бўш вақтни мазмунли ташкил этиш мақсадида ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақалари шу кунларда қизғин паллага кирди. Унда йигит-қизлар фаол қатнашмоқда. Жумладан, Бону Комилжонова “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичида 3-ўринни эгаллади. Умуман олганда, вилоятда ёшлар сиёсатига оид амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда ва бунда “маҳалла еттилиги” сафида тинимсиз ишлаётган ёшлар етакчиларининг ўрни катта.
Рустам Бобохўжаев,
Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЖТСБ
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация
қилиш маркази бошлиғи, майор