Ёшлар билан очиқ мулоқот
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон давлат техника институтида “Ёшлар куни” доирасида раҳбарлар ва ёшлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Техника университети, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг вилоят ҳудудий тузилмалари ҳамда “Келажакка қадам” маркази вакиллари иштирок этди.
Очиқ мулоқотда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқариш, замонавий касбларни эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, мутасаддилардан жавоб олди.
Айниқса, ўз бизнесини бошлаш истагидаги битирувчилар учун яратилган молиявий имкониятлар ва имтиёзли кредит дастурлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тақдимотда “Тадбиркорликка илк қадам”, “Бизнес старт”, “Бизнес прогресс” ва “Талаба инвест” дастурларининг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
[gallery-30897]
Жумладан, “Тадбиркорликка илк қадам” дастури доирасида ўзини ўзи банд қилган ва бизнес бошлаш истагидаги ёшларга 20 миллион сўмгача, “Бизнес старт” дастури орқали эса мустақил бизнес бошлаш истагидаги ёшларга 300 миллион сўмгача кредит ажратилиши қайд этилди.
Фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилган тадбиркорлик субъектлари учун “Бизнес прогресс” дастури доирасида 2 миллиард сўмгача кредит ажратилиши кўзда тутилган. 31 ёшга тўлмаган талабалар учун мўлжалланган “Талаба инвест” дастури орқали эса 10 миллион сўмгача кредит олиш имконияти мавжуд.
Мулоқотда ёшларни касбга йўналтириш ва иш билан таъминлашга қаратилган “Менинг биринчи касбим” дастури ҳақида ҳам маълумот берилди. Дастур доирасида битирувчилар ўртасида танлов ўтказилиб, ғолибларга стажировка даври учун 5 БҲМгача стипендия ажратилиши, бизнес-режа тайёрлаш харажатлари қоплаб берилиши ҳамда касб кўргазмалари ташкил этилиши таъкидланди.
Бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида кенг маълумот беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА