Ёшлар бандлиги бугуннинг муҳим масаласидир
Ёшларнинг ишсизлик даражаси бугунги кунда юқорилигича қолаётгани бор гап. Туман ва шаҳар марказларидаги вақтинчалик иш билан таъминлайдиган марказларда йиғилиб турган ёшлар сонининг кўплиги бунга яққол далил.
Ёшлар фаолияти билан шуғулланаётган тегишли ташкилотлар ва улар томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшлар бандлигини таъминлашга сезиларли ҳисса қўшмоқда.
Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Қашқадарё вилояти ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сардор Маҳмудов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ҳам айни шу масалалар муҳокама қилинди.
Ҳозирги кунда кўпчилик ёшлар, айниқса, қишлоқ ёшлари билак кучига таянган ҳолда қора меҳнат билан тирикчилик қилмоқда. Уларнинг ақлий ва профессионал касбий маҳоратини шакллантириш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилганми, деган саволимизга бошқарма масъули қуйидагича жавоб берди.
– Аниқроқ гапирсам, жорий йилда Германия давлати билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги йўналишида малакали мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйдик, – дейди С.Маҳмудов. – Ҳозир ушбу йўналишда 200 нафар ёш ўқитилмоқда. Келгусида улар нафақат мамлакатимизда, балки Германияда ҳам ишлаш имкониятига эга бўлади. Бу борадаги лойиҳаларимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири