Ёш шахматчиларимиз “FIDE World Youth Chess Championship 2026”да муваффақиятли қатнашмоқда
Италиянинг Монтесильвано шаҳрида 14, 16 ва 18 ёшгача бўлган ўсмирлар ҳамда қизлар ўртасида “FIDE World Youth Chess Championship 2026” баҳслари бўлиб ўтмоқда.
Дунёнинг 84 та мамлакатидан 778 нафар шахматчи иштирок этаётган дунё биринчилигида Ўзбекистон шарафини 9 нафар ёш шахматчи ҳимоя қилмоқда.
Ортда қолган 5 та тур ўйинлари якунларига кўра, терма жамоамизнинг бир қатор вакиллари юқори натижаларни қайд этишга муваффақ бўлди.

14 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Сарвиноз Бекмуратова 4 очко билан 8-ўринда, Лазизабону Комилжонова 3,5 очко билан 128 нафар иштирокчи орасида 15-ўринда бормоқда.
16 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Рауф Қосимов 4 очко билан совринли ўринларга даъвогарлик қилаётган бўлса, 18 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Акобирхон Саидалиев 4 очко билан 8-ўринни банд этиб турибди.

Бугун, 20 июнь куни жаҳон чемпионатининг 6-тур мусобақаларида Сарвиноз Бекмуратова қора доналарда ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган Элиза Терещенко билан рўбарў келса, Лазиза Комилжонова ҳам қора доналарда швейцариялик Кристина Жорданга қарши дона суради.
Эслатиб ўтамиз, 11 та турдан иборат “FIDE World Youth Chess Championship 2026” мусобақаси 26 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА