Ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашув
1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни олдидан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги сектор раҳбарларининг ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да ўтказилган мулоқот аввалида иқтидорли ёшлар ўз ихтироси, қўл меҳнати маҳсулотларидан иборат кўргазмасини намойиш қилди.
Бугунги кунда Наманган вилоятида мавжуд 730 мактабда 549 минг 602 нафар ўқувчига 39 минг 531 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўтган ўқув йилидан Президент, Ижод ва ихтисослашган мактаблар тажрибаси, яъни янги баҳолаш тартиби вилоятимиздаги 28 та мактабларда жорий этилган эди. Ушбу баҳолашнинг якуний натижасига кўра ўқувчиларнинг барча фанлардан билим самарадорлиги 54,5 фоизни ташкил этиб, Наманган вилояти республикада учинчи, мактаблар ўртасида эса Чуст туманидаги 52-мактаб 60,3 балл билан биринчи ўринни эгаллади.
Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида таълим соҳасига алоҳида урғу қаратилаётгани натижасида юқори рейтингда турган Финляндия, Сингапур, Япония, Корея, Буюк Британия давлатларининг тажрибалари татбиқ этилмоқда. Натижада, сўнгги тўрт йилда вилоятдан Францияга 18, Буюк Британияга 25, Германияга 32, АҚШга 12, Хитойга 15 нафар педагог малака ошириш курсларига юборилди.
[gallery-19380]
Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан мактабларда аниқ (математика, информатика) ва табиий (кимё, биология, физика, география) фанларни ўқитиш тизими халқаро (“Pisa pirls”) тадқиқотларда юқори ўринларни эгаллаган Сингапур давлатининг тажрибаси жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, сўнги икки йил мобайнида 21 нафар хорижий мутахассис мактабларга жалб этилган бўлса, бу ўқув йилидан Корея, Германия, Австрия, Филиппин, Жазоир ва Россия давлатларидан 24 нафар хорижий мутахассислар жалб этилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг тўққиз нафари иш бошлади.
Самимий руҳда кечган мулоқот давомида ўқувчилар ва ёш ўқитувчилар қизиқтирган саволлари билан вилоят ҳокими ҳамда сектор раҳбарларига юзландилар. Ёшлар ўз иқтидори, изланиши ҳақида тўхталиб, келгуси режалари ва орзу-мақсадлари билан ўртоқлашди. Улар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, шу ернинг ўзида масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Масалан, умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун ҳар чоракда бир маротаба бериладиган “Маънавият стипендияси” ташкил этилади. Мазкур стипендия ўқув даргоҳларида фанларни аъло баҳоларга ўзлаштираётган ва маънавий-маърифий соҳада фаол ўқувчиларга тақдим қилинади.
Тадбир якунида, таълим соҳасида салмоқли ютуқларга эришган бир қатор ўқувчи ва ўқитувчилар вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, Хотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.