Ёш кончилар тил байрамини муносиб нишонламоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида кенг нишонланмоқда. 8,5 минг нафарга яқин талаба таҳсил олаётган мазкур олийгоҳда ушбу сана муносабати билан талаба-ёшлар ва профессор-ўқитувчилар иштирокида юртимизнинг таниқли шоир ва ёзувчилари билан адабий учрашувлар, “Она тили — миллат руҳи” мавзусида маънавият дарслари ўтказилмоқда.
[gallery-9211]
Асосан кончилик соҳаси мутахассислари тайёрланаётган олий таълим муассасасида талабаларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида турли беллашувлар ташкил этиш яхши анъанага айланган. Дарҳақиқат, бугунги интернет асрида ёш авлодда миллий тилга нисбатан ҳурмат ҳиссини пайдо қилиш, она тили мусаффолигини асраш ўта долзарб масала саналади. Айни шу талабдан келиб чиқиб университетда ўқув йили давомида тил масаласи юзасидан амалга оширилаётган лойиҳа ва ташаббуслар ёш кончиларда касб лаёқати билан бирга тил борасида ҳам чуқур билим олишига пухта замин яратмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА