Ёш ижодкорларнинг семинардан таассуротлари қандай?
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан 17-19 август кунлари «Дўрмон» ижод уйида «Республика ёш ижодкорларининг анъанавий семинари» ўтказилди.
Унда вилоятлардан 85 нафар ёш қаламкашлар иштирок этди. Адабий семинар доирасида ўқув машғулотлари, мусиқий кечалар, мушоира ва қатор тадбирлар ўтказилди. Семинарнинг тантанали ёпилиш маросими «Паркент» ижод уйида бўлиб ўтди. ЎзА мухбири уч кун давомида семинарда фаол иштирок этган иштирокчиларнинг тассуротлари билан қизиқди.
Ёрқинжон Ҳайитбоев (бадиий публицистика): – Дўрмонда ўтказилган Ёш ижодкорлар Республика семинарида иштирок этиб, бир нарсага амин бўлдимки, ижод чин маънода танлаган йўлларимиз орасидаги энг кўрками, умримизнинг кўрки экан. Семинар доирасида бадиий публицистика йўналишида Аҳмаджон Мелибоев, Маматқул Ҳазратқулов, Абдусаид Кўчимов каби адабиётимизнинг, журналистикамизнинг жонли "китоб"ларидан сабоқлар олиб тафаккур доирамизни кенгайтирдик. Айниқса, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуровнинг дуолари бизга ҳамиша ҳамроҳ бўлиб қолади, деб ният қиламан. Бугун юртимизда ёш ижодкорларга кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 30 июнь куни муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзларидан «Мард ўғлон» давлат мукофотини адабиёт йўналишида қабул қилиб олдим. Бу ҳам юртимизда ёшларга бўлган эътирофларнинг натижаси. Дўрмон семинари ҳар биримиздаги истеъдоднинг янги қирраларини кашф этди. Бадиий тафаккуримиз бир поғона юксалди. Айниқса, «Дўрмон ижод уйи»даги ҳар майса, фаввора, дарахтлар худди менга «Ёрқин, бу ерга келган экансан, тўйиб-тўйиб, симириб-симириб ижод қилиб ол. Зулфияхонимлар, Ҳамид Олимжонлар, Ойбеклар, Саид Аҳмадлар, Абдулла Орипов ва Энкон Воҳидовларнинг қадами етган жойда турибсан. Руҳан улар билан суҳбатлаш, маънан юксал, ўзингни намоён эт», деб айтаётгандек бўлди. Семинардан олган энг катта ютуқларимдан бири билан мақтанмоқчиман. Семинарда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон менга «Маъсума» романини совға қилди. Шу романни ўқиб тугатдим. «Дўрмон»дан қалб хазинамни ўқилган яна бир китоб билан бойитиб кетяпман. Семинар ташкилотчиларига чин дилимдан миннатдорлик билдираман.
Отажон Туловов, (шеърият): – Семинарда «Энг гуллаган ёшлик чоғимда» деб номланган баёз, тантанали кутиб олишлар, юксак маҳоратли устозларнинг табриклари, учрашувлар, танишувлар, эҳ-ҳеэ-ей... Шўбаларда олиб борилган устоз ижодкорларнинг маҳорат дарслари қизғин бўлиши тасаввурларимни янада кенгайтирди. Шўбамизга раҳбарлик қилган устозлардан Азиз Саид, Сирожиддин Рауф, Фахриёр, Муҳиддин Абдусаматлар ижодимизни илм билан тўйинтириш учун анча фаоллик кўрсатди.
Муқаддас Мамарасулова (бадиий таржима): – Мен семинарга Жиззах вилоятидан келиб қатнашмоқдаман. Семинарнинг иккинчи куни Адиблар хиёбонида жойлашган сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими биз ёшларга адабий руҳ бахш этди. Куннинг иккинчи ярмида устозларнинг сўзга чиқиб, ўгитлар ва жойи келганда ҳазил гаплари семинарнинг очилиш маросимининг янада кўтаринки руҳда ўтишига туртки бўлди. Кечга бориб эса шеърият шўбаларида қайноқ мушоиралар бошланган бўлса, наср шўбаларида ўзига хос салобат кезиб юрди. Бизнинг ҳакамлар ҳайъати таркибида афсонавий адиб, таржимон, «танқидчиларнинг шоири»(Э. Воҳидов шундай ном берган), устоз Иброҳим Ғофуров бор эди. Ёшлари 84га кирганига қарамасдан биз ёш ижодкорларга тенгсиз ўгит ва тавсияларини шахсан етказгани келибдилар. Фикрларининг тиниқлиги мени яна бир бор ҳайрон қолдирди. Улар билан ўзбек адабиёти қанчалик бадиий таржимонларга муҳтож эканлигини, қайси асарлар навбат кутаётганини, умуман шу соҳанинг камчилик ва ютуқлари ҳақида суҳбатлашдик. Бизни тинглади, ўзимиз ва таржималаримиз билан танишди.

Энг қувонарлиси, улар Бадиий таржимонлар уюшмасини очиш ҳақидаги фикримни қўллаб-қувватлашди.
Фарангиз Азаматова (рус адабиёти): – Семинар менда катта таассурот қолдирди. Бизнинг йўналишда рус тилида ижод қилаётган беш нафар ижодкор иштирок этди. Уч кунлик маҳорат дарсларида уюшма аъзолари Николай Илин ва Артём Гороховдан кўп нарса ўргандик. Баҳслашдик, фикрлашдик. Ёзган асарларимизни таҳлил қилдик, камчилик ва ютуқларини муҳокама қилдик. Насрда ижод қиламан. Асарларимда Шарқ дунёси, одамларининг характерларини акс эттиришга уринаман. Чингиз Айтматов, Зулфия ижодини севиб ўқийман. Ўзбек, инглиз, немис тилларини биламан. Бадиий таржима билан шуғулланишни мақсад қилиб олдим. Ижод намуналарим «Звезда востока», «Правда», «Дружба народов» журналларида чоп этилган.
Шаҳзода Файзуллаева (болалар адабиёти): – Семинар бизга чексиз илҳом беряпти. Устозларнинг сабоқлари, насиҳатлари ва қўллаб-қувватлашларидан хурсандман. Турли топшириқлар, шеър машқлари, ташбеҳлар яратиш орқали бизнинг адабиётга, ижодга бўлган қизиқишимизни янада ошириб бораётган устозимиз Кавсар Турдиевага раҳмат.

Ижод намуналарини таҳлил қилиш ва уларнинг устида ишлаш орқали сангтарош каби уларга сайқал беришни, наққош каби нақш туширишимиз мумкинлигини англаб етдим.
Дилобар Маматова ёзиб олди, ЎзА