Ёш ижодкорлар учун рағбат
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг адабий салоҳиятини намоён этиши ва янги истеъдодларни кенг жамоатчиликка танитиш мақсадида ташкил этилган «Ёлқин» телетанловининг саралаш босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур телетанлов Ёзувчилар уюшмаси, «Ўзсаноатқурилишбанк» ва «Маданият ва маърифат» телеканали ҳамкорлигида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш ижодкорлар ўртасида ташкил этилмоқда. Танловда иштирок этиш учун ижодкорлар илгари эълон қилинмаган шеърларини тақдим этдилар.
Ижодий ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан шеърнинг мазмуни, бадиий ғояси ва оригиналлиги каби мезонлар асосида баҳоланди. Дастлабки саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган ижодий ишлар танловнинг кейинги босқичида ғолибликка даъвогар сифатида иштирок этади. Саралаш жараёнида юқори баҳоланган ижодий ишлар ташкилотчиларнинг расмий саҳифаларида эълон қилиб борилади.
Танловнинг якуний босқичида энг муносиб деб топилган номзодлар «Қақнус» теледастурига таклиф этилади. Теледастур жараёнида улар орасидан мутлоқ ғолиблар аниқланади. Якуний босқичида ғолиб ва совриндорлар қуйидаги пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин -1 нафар ғолибга 30 миллион сўм;
2-ўрин - 2 нафар ғолибнинг ҳар бирига 17 миллион сўмдан;
3-ўрин - 3 нафар ғолибнинг ҳар бирига 12 миллион сўмдан.
Шунингдек, саралаш ва якуний босқичларда фаол иштирок этган ижодкорларга ҳакамлар тавсиясига кўра 5 миллион сўмдан рағбатлантирувчи совринлар тақдим этилади.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти ва уюшма аъзолари, таниқли шоир ва шоиралар, шунингдек, ёш ижодкорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ҳамда уюшма раиси ўринбосари Фарида Афрўз ёш ижодкорларнинг адабиётдаги ўрни, уларни қўллаб-қувватлаш ва ижодий изланишларини рағбатлантиришнинг аҳамияти ҳақида сўзладилар.
[gallery-31619]
Тадбир доирасида Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, устоз ижодкорлар иштирокида ёш ижодкорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Шунингдек, унда ёш ижодкорларнинг шеърий чиқишлари намойиш этилди. «Ёлқин» телетанлови ёш ижодкорларнинг адабий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда янги авлод шоирларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Танлов доирасида ёш қаламкашларга ўз асарларини кенг аудиторияга тақдим этиш, тажрибали ижодкорлар билан мулоқот қилиш ва профессионал адабий муҳитда ўз маҳоратини синовдан ўтказиш имконияти яратилди.
Н.Усмонова, О.Пардаев (сурат), ЎзА