Ёш ҳунарманднинг сеҳрли қўли
Фарғона вилояти Риштон тумани кулоллар юрти сифатида машҳур. Уста ҳунармандлар томонидан тайёрланган кулолчиликнинг гўзал намунаси бўлган буюмлар юқори сифати, жозибаси билан ҳар қандай кишини мафтун этади.
Дарҳақиқат, Риштон буюмлари, миниатюралари жаҳондаги санъат шайдолари орасида ҳам катта шуҳрат қозонган. Бугунги кунда ёшлар ҳам бу ҳунарни қунт билан ўрганишмоқда.
Фахриддин Холмирзаев томонидан тайёрланаётган кулолчилик маҳсулотлари ҳар қандай кўнгилни мафтун этади. Ёш ҳунарманд Аъзамжон Аҳмаджонов, Турғунбой Мирзабоев каби уста кулоллар мактабида ушбу ҳунар сирларини пухта ўрганди. Бир неча бор вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказилган турли кўрик-танловларда ғолиб бўлди. Лаганларда товланиб турган Хива, Бухорои шариф, Ҳўқанди латиф каби қадимий шаҳарларимизнинг суратлари заминимиз тароватидан баҳраманд бўлишга ошиққан сайёҳларни ўзига ром этмай қўймайди. Устанинг айтишича, безак берган буюмларининг таърифи Самарқанддан тортиб қўшни Тожикистон, Россия, Қирғизистон Республикаларигача етган.
— Мана бу кўзани кеча Хоразмдан Қўқон шаҳрини зиёрат қилиш учун келган биродаримиз буюртма қилган эди, — дейди уста. — Маҳсулотларимда бошқалар ишлатмаган миллий адрас, атлас рангларидан фойдаланиб, ноанъанавий гултуваклар, сувенирлар, сервислар, чойнак-пиёла, турли ҳажмдаги гулдонлар ясайман. Буюмларим одамларнинг уйига кўрк бағишлагани, яхши кунларига хизмат қилганини кўрсам, қувониб кетаман. Кулолчилик цехи очмоқчиман. Бу эса 20 нафардан ортиқ маҳалладошларимни иш билан таъминлаш ва маҳсулотларнинг шакли, тури ва дизайнида ҳам янгиликлар яратиш имконини беради.
Фахриддин бугун ота мерос ҳунари билан рўзғор тебратаяпти. У ҳали ёш бўлишига қарамай, маҳалладаги ҳунар этагини тутмоқчи бўлган кўплаб ёшларнинг устози. Кулолнинг дўконида етмишдан ортиқ турдаги сопол буюмларнинг услуб ва ранглар жозибасини кўриб, ўз касбининг устаси эканига амин бўлдик. Нафис ва мумтоз шаклдаги сопол буюмлар композициясини томоша қилгач, сеҳрли қўллар мўъжизаси умрбоқийлигига ишончимиз юксалди.
М. Сулаймонов, ЎзА