Ёш ҳарбийлар учун матонат ва бирдамлик синови
Куч, тезлик, билим ва матонат — «Матонат майдони»да ҳар бир шарт ғолиблик сари қадам бўлди. Мирзаобод туманидаги Сафарбарлик чақирув резерви батальонида ўтказилган ҳарбий-спорт мусобақасида ёш ҳарбий хизматчилар нафақат жисмоний тайёргарлиги, балки тезкор фикрлаши, топқирлиги ва жамоавий ҳамжиҳатлигини ҳам намоён этдилар.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда Сирдарё телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир ёш ҳарбий хизматчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жисмоний тайёргарлигини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилди.
Мусобақа дастуридан арқон тортиш, турникда тортилиш, ҳарбий эстафета, стол тенниси, савол-жавоб ҳамда жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш каби шартлар ўрин олди. Ҳар бир шарт иштирокчилардан алоҳида тайёргарлик ва диққатни талаб қилди.
Арқон тортишда жамоавий куч ва бирдамлик, эстафетада чаққонлик ва тезкорлик, турникда эса жисмоний чидамлилик синовдан ўтказилди. Савол-жавоб баҳсларида ҳарбий билим ва тезкор фикрлашга эътибор қаратилган бўлса, биринчи ёрдам кўрсатиш шартида фавқулодда вазиятда тўғри ҳаракат қилиш кўникмалари баҳоланди.
[gallery-31670]
Беллашувлар давомида иштирокчилар вазиятни тез баҳолаш, масъулиятли қарор қабул қилиш ва жамоа билан ҳамоҳанг ҳаракат қилиш қобилиятини кўрсатдилар. Айниқса, жамоавий шартларда ҳар бир иштирокчининг ҳаракати умумий натижага таъсир этгани ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликнинг аҳамиятини яна бир бор намоён этди.
— «Матонат майдони» каби ҳарбий-спорт мусобақалари ёш ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигини синаш билан бирга, уларда жамоада ишлаш, тезкор қарор қабул қилиш, масъулият ва қатъият каби фазилатларни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бундай тадбирлар ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилади, — дейди тадбирда иштирок этган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгашининг ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов.
Мусобақа давомида соғлом рақобат муҳити яратилиб, иштирокчиларда ғалабага интилиш, интизом ва ўз кучига ишонч каби сифатлар намоён бўлди. Шу билан бирга, тадбир ёш ҳарбий хизматчилар ўртасида мулоқот ва тажриба алмашиш учун ҳам ўзига хос майдон бўлди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА