«Ёш гвардиячи»лар Сирдарёда беллашди
Мамлакатимиздаги умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида «Ёш гвардиячи» ҳарбий-спорт мусобақасининг якуний босқиси Сирдарё вилояти дала ўқув майдонида бўлиб ўтди.
Ушбу мусобақалар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан мусобақанинг туман-шаҳар ва вилоятлар босқичларида ғолибликни қўлга киритган умумий ўрта таълим муассасалари «Ёш гвардиячи» жамоалари иштирок этди.

Сирдарё вилояти дала ўқув майдонида Миллий гвардия бўлинмаларига бириктирилган мактаблардаги ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синф ўқувчилари 3 кун давомида ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, 1-ўринни Навоий вилоятининг «Амир Темур издошлари» жамоаси қўлга киритиб, мусобақанинг мутлақ ғолиби, дея эътироф этилди.

2- ва 3-ўринларни Наманган вилоятининг «Ҳировул» ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг «Темурий авлодлари» жамоалари эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг кўчма кубоги, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, ЎзА