“Ёш гвардиячи” мусобақаси ғолиблари аниқланди (+видео)
Ватанга муҳаббат қалбдан бошланади, жасорат эса ёшликдан тарбия топади. Юртимизда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш ва ҳарбий хизматга қизиқишини ошириш борасида амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Юнусобод туманида шунга мос равишда ҳарбий-спорт мусобақаси ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида ўтказилган “Ёш гвардиячи” мусобақаси ҳақиқий жасорат ва матонат майдонига айланди.
Миллий гвардия ҳарбий қисмларидан бирида ўтказилган тадбирда 21, 72, 86, 235, 240, 271, 313 ва 327-сонли умумтаълим мактабларининг 100 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлари иштирок этди. 8 та жамоа 7 та шарт бўйича ўзаро куч синашди.
Саф тайёргарлигида интизом ва бирдамлик, билимлар беллашувида зукколик ва ҳозиржавоблик намоён бўлди. Шартли яраланган сафдошини тез тиббий ёрдам кўрсатган ҳолда маррага етказиш машқи эса инсонпарварлик ва жамоавийликка асосланганини кўрсатди. 10 килограммли ёғоч қутини кўтариб югуриш, ўқдонга патрон жойлаш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш каби беллашувлар ёшларнинг чидамлилиги ва ҳарбий кўникмаларини намоён қилди. Камондан отиш ва турникда тортиниш бўйича беллашувлар эса ёшларга ўзгача шижоат ва руҳ бағишлади.
Ҳар бир шартда ғалаба учун курашган ўқувчиларнинг кўзларида ишонч, қалбларида эса Ватанга муҳаббат порлаб турди. Қизғин ва муросасиз кечган мусобақа якунига кўра, 240-сонли мактаб жамоаси биринчи ўринни эгаллади. 2-ўрин 271-сонли мактаб, 3-ўрин эса 313-сонли мактаб ўқувчиларига насиб этди.
Ғолиблар ва фаол иштирокчилар Миллий гвардия қўмондони ўринбосари томонидан диплом, кубок ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OsQvMdslR68" title="“Yosh gvardiyachi” musobaqasi g‘oliblari aniqlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА