Ёш гроссмейстерлар тарбияланаётган маскан
Шахматни бежиз ақл гимнастикаси дейишмайди. Боиси бу спорт тури билан шуғулланган боланинг тафаккури бошқаларга нисбатан яхши ривожланади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда шахматни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва уни оммавий спорт турига айлантириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ва маданий ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, юқори иқтидорга эга бўлган ёшларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал шахматчилар ва халқаро гроссмейстерлар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш бўйича кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада ривожланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Қашқадарё вилоятидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида ҳам бошқа спорт турлари қатори шахмат билан шуғулланувчи ёшлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Улар республика ва халқаро миқёсдаги турнирларда фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда.
Масалан, вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетика спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби 2016 йил ташкил этилган. Мактабда 9 та спорт тури мавжуд бўлиб, унда 27 нафар олий маълумотли, тажрибали тренерлар фаолият олиб бормоқда, шу жумладан, шахмат спорт тури бўйича ҳам.
[gallery-986]
Айни пайтда мактабда шахмат спорт тури бўйича жами 45 нафар ёш ақл гимнастикачилари шуғулланаётган бўлса, шундан 13 нафарини қиз болалар ташкил этади. Уларга таълим бераётган 3 нафар олий маълумотли тренернинг 2 нафари олий тоифали. Мактабда шахматни ўргатиш учун 6 та гуруҳ ташкил этилган бўлиб, шундан, “Ўқув машқ гуруҳи”да 37 нафар, “Спортда камолотга эришиш гуруҳи”да 8 нафар спортчи шуғулланиб келмоқда.
Мактаб ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлсада, эришилган натижалар салмоқли. Масалан, у ерда шахмат билан шуғулланувчи спортчиларнинг 16 нафари спорт усталигига номзод, 24 нафари 1-спорт, 5 нафари 3-спорт тоифасига эга. Спортчилардан 8 ёшли Шаҳзод Исломов ҳали ёш бўлишига қарамай икки карра Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган. Шунингдек, Абдумалик Халилов, Гулхида Илҳомова, Гулҳаё Мажитова, Аминахон Содиқова республика мусобақалари ва халқаро турнирларда ғолиб ва совриндор бўлишган.
– Мактабда асосан дарсдан кейин шуғулланаман, – дейди Қарши туманилик Шаҳзод Исломов. – Бу ерда биз учун барча шароит яратилган. 5 йилдан буён устоз-мураббийлардан шахмат сирларини ўрганиб келяпман. 3 йилдан буён мусобақларга қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритяпман. 2019 йилда Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида иштирок этиб, совриндорлар сафидан ўрин олдим ва Грузияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига қатнашиш учун йўлланмага эга бўлдим. Ушбу мусобақа ўтган йили ўтказилиши керак эди, аммо пандемия сабабли кечиктирилди. Эндиги мақсадим ушбу мусобақада ғолиб бўлиб, жаҳон чемпиони бўлиш.
Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА