“Ёш фермерлар – жамият таянчи”
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11-12 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактабига ташриф буюрган эди.
Мазкур ташрифдан сўнг ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Фарғона шаҳрининг “Янги Ўзбекистон” массивида ташкил этилган ушбу ихтисослашган касб-ҳунар мактабида “Ёш фермерлар – жамият таянчи” мавзусида учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида ёшлар, ёш фермерлар, тадбиркорлар ва аҳолининг кенг вакиллари иштирокида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, Президентимиз томонидан “Инсон қадри учун” деган ғояни ўзида мужассам этган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида илгари сурилган бир қатор ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи доирасида берилган топшириқлар ижроси ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббуслар юзасидан маълумот берилди.
[gallery-18426]
– Ушбу учрашувда аҳоли ва ёшлар вакилларига партиямиз томонидан 2020-2024 йиллар давомида олиб борилган сайловолди дастури ижроси, юртдошларимиз ҳаётида сезиларли из қолдирган эзгу ташаббуслар, янги лойиҳа ва таклифлар тўғрисида тўхталиб ўтилди. Айтиш керакки, бугун юртимизда ёшлар, хотин-қизлар, ижтимоий ва руҳий кўмакка муҳтож фуқаролар учун кўплаб имтиёзлар, қулайликлар яратилмоқда. Бу имкониятлардан унумли фойдаланиш, замонавий билимларни эгаллаш, ўз касб-ҳунари билан юртимиз ривожига ҳисса қўшиш ҳар бир ёшнинг мақсадига айланиши тарафдоримиз, – дейди ЎзЛиДеП Марказий аппарати Сиёсий Кенгаши бўлим бошлиғи, Ёшлар парламенти раисининг ўринбосари Отабек Собитов. – Бу борада мазкур касб-ҳунар мактаби билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ушбу таълим даргоҳи битирувчиларининг кейинги иш фаолиятида яқиндан кўмаклашиш, партиямиз дастурига мувофиқ, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни татбиқ этишни режалаштирганмиз.
Тадбир якунида касб-ҳунар мактабида ўқувчилар учун яратилган шарт-шароит, таълим дастурларининг ўзига хослиги, инновацион ёндашувлар хусусида маълумот берилди, кичик саёҳат ташкил этилди.
– Фарғонамиз фахри бўлган Лола Муротовага ҳавас қиламиз. Инсон қайси соҳада бўлсаям, юракдан иш олиб борса, фидойилик кўрсатса, албатта, улкан натижаларга эришишини шу инсон тимсолида кўрамиз. Мен ҳам ушбу касб-ҳунар мактабида таҳсил олиб, келажакда агробизнес йўналишида ўз лойиҳаларимни ҳаётга татбиқ этмоқчиман, – дейди Нозима Мўйдинова. – Бугунги учрашувдан ўзимга катта мотивация олдим. Сиёсий жараёнларда ёшларнинг фаоллик кўрсатиши мамлакат ривожи ва тараққиётига замин яратади. Бунда партиялар, уларнинг бошланғич ташкилотлари бизга яқин кўмакдош бўлишига ишонаман.
Маълумот учун, мазкур касб-ҳунар мактаби 480 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрланади. Ўттиздан ортиқ аудиториялар, еттита лаборатория, компьютер хоналари, фаоллар зали ва музей, шунингдек, 150 ўринли ётоқхона, спорт зали, мини-футбол майдончаси, устахона, иссиқхона ва машғулотлар учун автодром ўқувчилар ихтиёрида бўлади. Муассасага умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирганлар ўқишга қабул қилинади. Ўқув жараёни бошланғич профессионал таълим дастурлари асосида, амалиёт билан боғлиқ ҳолда олиб борилади.
Мактабда “Германия тажрибаси” асосида ўқувчиларни қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш жорий этилади. Таълим жараёнини сифатли ташкил этиш, методик ёрдам кўрсатиш учун мазкур мактабга Фарғона давлат университети бириктирилди. Шунингдек, муассасада “Фермерлар мактаби”ни ҳам ташкил этиш кўзда тутилган. Унда буюртмачилар маблағлари ҳисобидан фермерлар малака ошириш курслари йўлга қўйилади.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров(сурат),ЎзА