Ёш енгил атлетикачиларимиз сараланди
Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси спорт мажмуасида жорий йил 24-27-апрель кунлари Дубай шаҳри (БАА)да бўлиб ўтадиган U20 тоифасидаги Осиё чемпионатига саралаш босқичини ўтаб берадиган енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Мусобақаларда енгил атлетиканинг 45 дастуридан ёшлар ва қизлар ўртасида дастурлар ўтказилмоқда.

Найза ва диск улоқтириш баҳсларида Мадина Насриддинова ҳамда Мадамин Сайфуллаев олтин медални қўлга киритди. Узунликка сакрашда Наима Абдувосиқова, баландликка сакрашда эса Девдавс Исмоилов ва Барнохон Сайфуллаева мамлакат чемпионига айланди. Уч ҳадлаб сакраш бўйича Максим Селезнев шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Тўсиқлар оша 400 метр масофага югуришда Сабина Ғолбназарова, Сарвар Бакиров, турли масофаларга югуришда Учқун Актамов, Бахтиёр Бекназаров, Жавоҳир Тиловов, Мадиер Аслонов, Садафбону Нустратиллоева, Жонбиби Хукмова, Гузал Муҳаммадвалиева каби атлетларга тенг келадигани топилмади.

Ўнкураш баҳсларида Абдуллоҳ Абдуқаҳҳоров, еттикурашда Райҳон Ҳамроева биринчи поғонадан жой олди. 10 минг мертга спортча юриш бўйича ўтган пойгаларда Шерзод Зубаев ва Шаҳзода Самиева биринчилардан бўлиб марра чизиғини босиб ўтди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА