“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг республика босқичи якунланди
Жорий йилнинг 18–21 май кунлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ҳамда қатор вазирлик ва идоралар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг 15 йиллик юбилей мавсуми ўз ниҳоясига етди.
Тақдирлаш маросими олдидан иштирокчилар ва меҳмонлар учун ҳарбий техника ҳамда қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, хизмат ҳайвонлари иштирокидаги кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Тадбирнинг маданий қисмида ДХХ Чегара қўшинлари ансамбли хонандалари томонидан концерт дастури тақдим қилиниб, йиғилганларга кўтаринки кайфият улашилди. Айниқса, сарҳадларимиз ҳимоячилари томонидан хизмат ҳайвонлари иштирокида намойиш этилган чиқишлар катта қизиқиш уйғотди.
[gallery-29551]
Уч кун давом этган мусобақа ёшларнинг матонати, шижоати ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этди. Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, мазкур мусобақа ёшларнинг келгусида касб танлаш ва ҳарбий соҳага қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Мусобақани юқори савияда ташкил этишга ҳисса қўшган ҳамкор ташкилотларга миннатдорчилик билдирилгач, ғолибларни тақдирлаш маросими бошланди. Дастлаб, шартлар бўйича юқори натижа қайд этган иштирокчилар махсус диплом ва совғалар билан рағбатлантирилди. Шунингдек, мусобақада фаол иштирок этиб, шижоат ва матонат намунасини кўрсатган қизларга алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Якуний натижаларга кўра, “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг 2026 йилги республика (финал) босқичида Жиззах вилоятининг “Қалқон” жамоаси мутлақ ғолиб деб топилди. Тошкент вилоятининг “Ватанпарварлар” жамоаси 2-ўринни, Наманган вилоятининг “Ўзбегим ўғлонлари” жамоаси эса 3-ўринни қўлга киритди.
Ғолиблар махсус диплом, кубок, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Майор Фарида Бобожонова, Шаҳзод Ёдгоров,
ЎзА