Ёш боксчиларимизнинг шашти баланд
Черногориянинг Будва шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида чорак финал баҳслари ўтказилмоқда.
Ушбу босқичда ҳамюртимиз Ҳалимжон Маъмасолиев -92 кг. вазнда Томас Стокесга (IBA) қарши баҳс олиб борди. Биринчи раундда боксчимиз рақибини нокдаунга учратди. Ушбу ҳолатдан ўзига кела олмаган Томас иккинчи раунд бошланишидан олдин жангдан бош тортиб, мағлубиятини тан олди.

Вазни 86 килограммгача бўлган чарм қўлқоп устамиз Акмалжон Исроилов эса ярим финал остонасида исроиллик Ариел Прилутскийни йирик 5:0 ҳисобида таслим этди. Жафарбек Шаҳбозов -75 кг. вазн тоифасида грузиялик Гиорги Натрошвалини, Абдулазиз Жўрақулов -63,5 кг. вазнда руминиялик Адриан Григориени 5:0 ҳисобида мағлуб этди.

Шунингдек, ўз вазн тоифаларида Жасмин Тоҳирова, Ойша Тоирова, Сайфиддин Собиров, Собиржон Тастанов каби ёш истеъдодли боксчиларимиз ярим финалга йўл олган бўлса, афсуски, Акбар Аҳмадов, Феруза Шарипова ҳамда Одинахон Исмоилова чорак финалда мағлуб бўлди.
Бугун, 30 октябрь куни ҳам вакилларимиз иштирокида чорак финал баҳслари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА