Ёш аскарлар қасамёд қилди
Гулистон шаҳридаги “Билимдонлар маскани”да Ўзбекистон Миллий гвардияси Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган тантанали маросимда 83 нафар муддатли ҳарбий хизматчи Ватанга, халққа ва Ўзбекистон Республикаси Президентига садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилди.
Мазкур тадбир мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашда инсон омили — масъулиятли ва ватанпарвар ёшлар ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини яна бир бор намоён этди. Чунки ҳарбий хизмат бугун нафақат бурч, балки давлат барқарорлиги ва жамият хавфсизлигининг муҳим таянчига айланмоқда.
Тадбирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ҳарбий хизматга чақирилган навқирон йигитлар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари, шунингдек, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди. Бу эса маросимга ўзига хос кўлам ва юксак нуфуз бахш этди.
Анъанага мувофиқ ташкил этилган маросим саф кўриги билан бошланиб, давлат мадҳияси ижро этилди. Майдонда ҳукм сурган интизом ва ҳарбий тартиб иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Давлат рамзларига бўлган ҳурмат ва садоқат туйғулари яна бир бор яққол намоён бўлди.
Тадбирнинг энг масъулиятли ва ҳаяжонли қисми — қасамёд қабул қилиш жараёни бўлди. Унда 83 нафар муддатли ҳарбий хизматчи Ватанга, халққа ва Ўзбекистон Республикаси Президентига садоқат билан хизмат қилишга тантанали равишда қасамёд қилди. Ушбу қасамёд ҳар бир ёш аскар учун нафақат ҳуқуқий, балки юксак маънавий масъулиятни ҳам англатади. Энди улар юрт сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни асраш йўлида ўз бурчини сидқидилдан адо этиш мажбуриятини зиммасига олди.
Тадбирда Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи полковник Низомиддин Абдувалиев, вилоят ҳокимлиги котибияти масъул ходими Умид Абдуллаев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мурод Хаитов ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.
Маросим давомида Миллий гвардия қўмондонининг табриги ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, сўзга чиққанлар давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар етакчилари ҳамда аскарларнинг ота-оналари ёшларга эзгу тилаклар билдирди. Жумладан, Андижон вилояти Бўлоқбоши туманидан келган меҳнат фахрийси, педагог Лолахон Матқосимова она сифатида самимий сўзлари билан йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
– Ватан тинчлиги ва чегаралар дахлсизлиги учун хизмат қилаётган ҳар бир йигит менинг фарзандимдек азиз. Шунингдек, набирам — оддий аскар Мансурбек Тўраев ҳам улар сафида. Барча йигитлар ўз зиммасидаги вазифани муносиб адо этиб, юртга ва Президентимизга садоқат билан хизмат қилишларига ишонаман, – деди Лолахон Матқосимова.
Муддатли ҳарбий хизматчилар номидан сўзга чиққан аскар Бобур Рўзимов сафдошлари номидан Ватанга садоқат билан хизмат қилишга тайёр эканликларини таъкидлади.
Қасамёд қабул қилган ёшлар Мирзаобод туманидаги Миллий гвардиянинг ихтисослаштирилган ўқув марказида 40 кун давомида махсус ўқув-амалий машғулотларда иштирок этиб, зарур билим ва кўникмаларни эгаллаган. Бу эса уларнинг ҳарбий тайёргарлиги ва масъулият ҳиссининг шаклланишида муҳим омил бўлди.
Маросимнинг бадиий қисми ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган кўргазмали чиқишлар, қурол билан бажарилган машқлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
[gallery-28988]
Қасамёд маросими нафақат ҳарбийлар, балки уларнинг ота-оналари қалбида ҳам фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.
Бугун қасамёд қилган бу йигитлар — шунчаки ҳарбий хизматни бошлаган навқирон аскарлар эмас, балки мамлакат тинчлиги ва барқарорлигига дахлдор бўлган улкан масъулиятни ўз зиммасига олган янги авлод вакилларидир. Зеро, ҳар қандай давлатнинг қудрати, аввало, уни ҳимоя қила оладиган, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган фарзандлари билан ўлчанади. Гулистондаги ушбу маросим ана шундай фидойи ва масъулиятли ёшлар камол топаётганининг ёрқин ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА