Ёш адибанинг янги асарлари тақдимоти
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Рахшона Аҳмедованинг "Тонготар" романи ҳамда корейс адибаси Шин Кёнг Сукнинг ўзбек тилига таржима қилган "Онамни асра" китобларининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тақдимот тадбирида эътироф этилганидек, бугун миллий адабиётимизнинг тобора ривож топиб боришида ёш ижодкорларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Ёш адиба Рахшона Аҳмедова ҳам қалами ўткир, тиниб-тинчимас, сатрлари самимий, реалликка асосланган ижодкор.
— Аввало, "Тонготар"ни "Ўтиш даври" муаммоларига бағишланган ёниқ битик, дея оламиз, – деди филология фанлари доктори, профессор Улуғбек Ҳамдам. — Бу давр муаммолари, қаҳрамонлари ҳали кўп ёзилиши, ёзилганларидан эса керакли хулосалар чиқарилиши зарур. Асар қаҳрамонлари жамиятнинг шундай пучмоқларида унутилганки, йўлсиз ва чорасизлик эркакларнинг кўпчилигини ўз йўлидан адаштирган ва бахтсиз қилади. Натижада улар аёллар “қисматнинг аччиқ битигини кўзёшларига қўшиб ичишади", эркаклар эса аламларини хотинларидан олади. Ҳа, "Ўтиш даври" бу ҳазилакам давр эмас. Унда бошдан оёқ азият бор. Унда уйғунлик эмас, хаос ҳукмрон.
[gallery-24773]
Муаллиф илмсизлик, ўқувсизлик ва саводсизлик, мардикорлик кайфияти, дунёда тирикчилик ғамидан бошқа ташвиш кўрмаслик, маиший ҳаёт ботқоғига ботиб кетиш каби иллатлар жамият тараққиётининг энг оғриқли муаммоси эканини, миллатни қулликка бошлайдиган фожиалигини тушунтирмоқчи бўлади.
— Ўз индивидуал услубига эга муаллиф оломоннинг бозор кайфияти ҳар қандай улуғ қадриятларни емириши, инсоннинг энг гўзал ва муқаддас туйғулари завол топиши, адолатсизлик ва тартибсизликлар урчиши ҳақида бонг уради, – деди таниқли шоира Наргиза Асадова. – Рахшона Аҳмедованинг қаҳрамонлари халқимизга бегона эмас, улар – давримиз замондошлари. Барчаси яқин тарихимизнинг сўзлари. Аёлларнинг аянчли қисмати муаллифнинг дард оғриғига айланади. "Тонготар" халқни уйғоқликка, катта орзу ва ниятлар билан яшашга чорловчи ишора аслида.
Адабиётшунос олимларнинг фикрича, серқирра ижодкор Рахшона Аҳмедова ифода услубининг равонлиги, ижтимоий воқеа ва ҳодисаларга юксак маънавий-ахлоқий принциплар кесимида янгича ёндашуви, тилининг ўзига хос оҳори ва бадиий матн тузилмасининг енгиллиги билан ўқувчини ўзига жалб этади.
Муаллифнинг шу вақтга қадар "Орзу ва денгиз", "Соябон остида", "Тушунарсиз севги изҳори" "Севгим менинг, севгилим менинг" номли китоблари чоп этилган.
Н.Усмонова, Ў.Ҳайитов (суратлар), ЎзА мухбирлари