Ёруғ умидлар фестивали
Бухоро шаҳридаги 24-мактаб-интернатда Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди маблағлари эвазига “Buxoro yoshlari” газетаси томонидан “Соғлом авлод - бахтли келажак” лойиҳаси доирасида “Истеъдод, маҳорат, санъат” болалар фестивали ўтказилди. Фестивалда 200 дан ортиқ ўқувчи ёшлар жалб этилди.
Тадбир доирасида болалар рассомчилик, ментал арифметика, рақс, қўшиқ айтиш ва мушоира йўналишларида беллашди. Ҳар бир қатнашчи ўзининг жонкуярлиги, меҳнати ва иқтидори билан йиғилганларни ҳайратга солди. Ғолибларга грант маблағлари асосида тайёрланган эсдалик совғалари топширилди.

Фестиваль ғолиблари ва қатнашчилари учун нафақат совғалар, балки меҳр ва илиқликка тўла муҳит ҳам тақдим этилди. “Buxoro yoshlari” таҳририяти учун бу тадбир грант доирасидаги сўнгги ташаббус бўлди. Аммо бу каби лойиҳаларни яна давом эттириш ниятида эканликларини таъкидлашди.


– Биз болаларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш, уларга рағбат беришни ўзимиз учун муҳим вазифа деб биламиз. Бундай лойиҳалар келгусида ҳам амалга оширилиши учун ҳаракат қиламиз. Бу иқтидорлиларни қўллаб-қувватлаш кўплаб болаларга ўз салоҳиятини намоён қилиш ва янги мақсадлар сари интилиш учун куч бағишлади. Улар учун бу нафақат беллашув, балки илҳом манбаи ҳам бўлди, – дейди газета муҳаррири Лайло Ҳайитова.
Зариф комилов, ЎзА мухбири