Йўқотилаётган ҳаракат эркинлиги
12 октябрь – Бутунжаҳон артритга қарши курашиш куни
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар, жумладан уч миллионга яқин бола ва ўсмир турли кўринишдаги артрит ва унинг турларидан азият чекмоқда. Бунда қизларнинг кўпроқ касалланиши илмий жиҳатдан исботланган. Ривожланган саноатлашган мамлакатлар ва совуқ нам иқлим ҳудудларида бундай хасталиклар кўпроқ қайд этилиши эса қуёш нури ва D витамини етишмаслиги билан бевосита боғлиқдир.
Илгари фақат кекса ёшдаги инсонлар хасталиги деб қаралган ревматик касалликларнинг кейинги йилларда кескин ёшариб, ҳатто болалар ва ўсмирлар орасида ҳам учраётгани ташвишланарли ҳолат, албатта. Бундай салбий тенденциянинг келиб чиқишига замонавий турмуш тарзининг ўзига хос салбий таъсирлари сабаб бўлмоқда. Хусусан, болалар ва ёшларнинг кун бўйи гаджетлар қаршисида ҳаракатсиз ўтириши, жисмоний фаолиятнинг камайиши, фаст-фуд ва қайта ишланган маҳсулотларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш организмда яллиғланиш жараёнларини кучайтиради. Бундан ташқари, экологик омиллар, сурункали стресс ва иммун тизимининг мутант жавоблари туфайли юзага келадиган аутоиммун бузилишлар болаларнинг ҳали тўлиқ шаклланмаган бўғимларига оғир зарба беради.
Артрит ва ревматик хасталиклар асосан 50 ёшдан катта инсонларда кўпроқ ривожланади, чунки бу даврда бўғим тоғайларининг табиий ейилиши ва қариши кучаяди. Бироқ, сўнгги йилларда бу касаллик кескин "ёшариб", ҳатто болалар ва ўсмирлар орасида ҳам учраётгани ташвишланарлидир. Шунингдек, айрим касб эгалари, ортиқча вазндан азият чекаётганлар ва ирсий мойиллиги бор кишилар хавф гуруҳига киради. Статистик маълумотларга кўра, турли артрит турларида аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ касалланади.
Мутахассисларнинг тавсияларига кўра, бу хасталикнинг олдини олиш учун ҳар куни камида 30 дақиқа пиёда юриш, енгил бадантарбия билан шуғулланиш каби жисмоний фаолиятни кундалик ҳаётга киритиш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, таомномада фаст-фуд, ҳаддан ташқари ширинлик ва тузли маҳсулотларни камайтириб, витаминларга бой соғлом овқатланиш қоидаларига риоя қилиш, ортиқча вазннинг олдини олиш бўғимларга тушадиган ортиқча юкламани камайтиради. Совуқ ва нам ҳавода танани иссиқ тутиш, сурункали яллиғланиш манбаларини (масалан, тиш ёки томоқ инфекцияларини) ўз вақтида даволатиш ҳам артрит хавфини сезиларли даражада пасайтиради.
Агар артрит ўз вақтида даволанмаса ёки эътиборсиз қолдирилса, у қайтариб бўлмас жиддий асоратларга олиб келади. Аввало, бўғимларнинг ҳаракат доираси кескин чекланиб, уларнинг тузилиши нотўғри шаклда ўзгариб кетади ва кундалик ҳаракатлар оғриқ билан кечади. Оғир ва илғор ҳолатларда тоғай тўқималарининг тўлиқ емирилиши оқибатида беморнинг ногиронликка дучор бўлиш хавфи ниҳоятда юқори бўлади. Бундан ташқари, сурункали яллиғланиш жараёнлари фақат бўғимларни эмас, балки юрак, буйрак ва бошқа ички аъзолар фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, организмни умумий заифлаштиради.
Фармацевтика ва ревматология соҳаси мислсиз ютуқларга эришиб, бевосита яллиғланишни келтириб чиқарувчи оқсиллар фаолиятини блокловчи биологик ген-инженерлик препаратларини яратган бўлса-да, бу касалликни тўлиқ йўқ қиладиган сеҳрли дори ҳали яратилмаган. Аммо замонавий диагностика ва инновацион дори воситалари беморларни барқарор ремиссия ҳолатига олиб келиб, уларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришини таъминлашга қодир.
Мамлакатимизда ҳам ревматологик хизматларни ривожлантириш, тиббиёт марказларида замонавий технологияларни жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, бироқ аҳоли ўртасида касалликнинг дастлабки белгиларига бефарқ қараш ёки халқ табобати билан ўзбошимчалик билан шуғулланиш каби муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Бўғимлардаги енгил оғриқни вақтинчалик чарчоққа йўйиб, шифокорга кеч мурожаат қилиш кўпинча қайтариб бўлмас асоратларга олиб келади.
Шу боис, эрта ташхис қўйиш ва ўз вақтида даволанишни бошлаш ушбу хасталикнинг олдини олишдаги энг муҳим шарт саналади. Бу муаммонинг олдини олиш учун ёшликдан соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланиш маданиятини сингдириш ва тиббий маданиятни юксалтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Саломатликка бефарқ бўлмаслик, ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиш эса фаол ва оғриқсиз ҳаётнинг асосий кафолати ҳисобланади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА