Ёнғинни тез ўчириш амалий-тактик машқлари синовдан ўтказилди (+видео)
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Таълим муассасаларида ёнғин содир бўлганда эвакуация ишларини ташкил этиш ва ёнғинни бартараф этиш” мавзуида кўргазмали ёнғин ўчириш амалий-тактик машқлари ўтказилди.
Ўқув машқида академия 5-босқич курсантлари ҳамда Офицерларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курси тингловчиларининг касбий билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди. Шунингдек, академия курсантларига катта ва мураккаб ёнғинларда куч ва воситаларни тўғри бошқариш, ностандарт вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш, ёнғинни қисқа муддатда кам талафот билан бартараф этиш тактикаси ўргатилди.
Машқ давомида фуқароларни хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда ёнғинни қисқа фурсатларда бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди. Шу билан бирга, тезкор бошқарув штаби, ёнғин-қутқарув бўлинмалари ҳамда ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, ахборот алмашинуви ва тезкор қарор қабул қилиш жараёнлари амалий жиҳатдан синовдан ўтказилди.
Машғулотда замонавий ёнғин-қутқарув техникалари ва махсус асбоб-ускуналардан самарали фойдаланиш имкониятлари намойиш этилди.
Шунингдек, ФВВ Илмий-инновацион ва синов-тадқиқот институтининг ёнғин-техник лаборатория автомобили иштирокида ёнғин сабабларини аниқлаш ва таҳлил қилиш бўйича кўникмалар ҳам амалда намоён этилди.
Мазкур тактик ўқув машқи тингловчи ва курсантларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, уларни реал вазиятларга яқин шароитларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилишга тайёрлаш ҳамда касбий маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этди.
Машқ якунида мутахассислар томонидан иштирокчиларнинг ҳаракатлари таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/phT7bQ7fASU" title="Yong‘inni tez o‘chirish amaliy-taktik mashqlari sinovdan o‘tkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Гулноза Бобоева,
Анвархўжа Аҳмедов (монтаж), ЎзА