Ёнғинларни олдини олиш энг муҳим вазифа
Бухорода Фавқулодда вазиятлар бошқармасида йил давомида амалга оширилган фаолият сарҳисобига бағишлаб матбуот анжумани ташкил этилди. Унда соҳа мутахассислари, журналист ва блогерлар қатнашди. Анжуманда бошқарма бошлиғининг ўринбосари, подполковник Дилмурод Янгиев ахборот берди.
Таъкидланганидек, вилоятнинг шаҳар ва туманларида жорий йил ўтган 11 ойида жами 812 та ёнғин содир бўлган. Минг афсуски, бу турдаги бахтсиз ҳодиса ва офатлар натижасида 20 га яқин фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган бўлса, бепарволик, арзимас сабаблар туфайли 4 нафар фуқаро бу ҳаётдан эрта кўз юмган. Ёнғинлардан кўрилган моддий зарар миқдори эса 6 миллиард 156 миллион 407 минг сўмдан кам эмас. Эътиборлиси, ёнғин ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига қиёсланганида, нисбатан 29 тага камайган. Аммо, тан жароҳати олиш ва ўлим билан боғлиқ кўрсаткич, қолаверса, моддий зарар миқдори 41 фоизга кўпайган.
Рўй берган ёнғинларнинг асосий қисми, яъни 327 таси ёки 40 фоизи электр ускуналаридан, 187 таси ёки 23 фоиздан ошиғи иситиш печларидан нотўғри фойдаланиш натижасида, яна шунчаси очиқ оловдан нотўғри ва эҳтиётсизлик билан фойдаланиш оқибатида келиб чиққан. Қайд қилинган ёнғинларнинг 79 таси ёки 17,6 фоизи болаларнинг шўхлиги ва яширинча олов ўйнашидан, 39 таси транспорт воситаларининг носозлигидан, 14 таси технологик ҳодисалар оқибатида, яна шунчаси қасддан ўт қўйиш оқибатида юз берган. Ёнғинлар жабҳалар бўйича таҳлил қилинганда, уларнинг 733 таси ёки 90 фоиздан ошиғи аҳоли яшаш жойларида, 43 таси транспорт воситаларида, 15 таси ёнғинга хавфли материаллар очиқ сақланадиган жойларда, 7 таси маданий, маиший ва маъмурий биноларда, 5 таси иншоот–қурилмаларда, шунингдек, омборхона, савдо-сотиқ корхоналари ва ишлаб чиқариш цехларида қайд қилинган.
«Беаёв ёв» ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Ғиждувон туманида 111 тадан 121 тага, Қоровулбозор туманида 8 тадан 14 тага, Жондор туманида 72 тадан 81 тага, Вобкент туманида 45 тадан 56 тага, Пешкў туманида 60 тадан 62 тага кўпайгани ҳудудларда фаолият самарадорлигига эришиш нақадар муҳимлигидан далолат беради. Кенг қамровли хизмат доирасида вилоятдаги 87 минг 500 дан ошиқ турар жой, 1 минг 732 та кўп қаватли уй-жой ва улардаги 44 минг 767 та хонадоннинг ёнғинга қарши ҳолати текширилган ва 19 мингдан ортиқ корхона-ташкилот, муассаса ва идоранинг ёнғин хавфсизлик тартиб-меъёрларига жавоб бериши батафсил ўрганилган. Натижада улардаги нуқсон-камчиликлар бартараф қилинган.
[gallery-5271]
Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг электрон веб-сайтлари ва бошқа ижтимоий тармоқларда ҳозирга қадар 1 минг 600 дан ошиқ тизимида амалга оширилаётган саъй-ҳаракат, огоҳликка чорловчи эълонлар, хабарлар, лавҳалар ва содир бўлган фавқулодда вазиятлар, шу жумладан, ёнғинлар ҳақида маълумотлар пешма-пеш жойлаштирилаётгани фуқаролар хабардорлиги ва ҳатто ҳушёрлиги ва эҳтиёткорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Тармоқда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётгани боис шу йил ўтган даврида 1 минг 131 нафар раҳбар, жавобгар шахс ва фуқароларга нисбатан умумий қиймати 207 миллион 179 минг 900 сўм миқдорида маъмурий чора-кўрилган. Ёнғин хавфсизлигига доир қайд қилинган муаммони зудлик билан бартараф этишга панжа орасидан лоқайд қарагани боис 531 та корхона, бино ва иншоотнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилган бўлиб, уларда 3 минг 397 та электр ускунаси, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш қатъиян тақиқланган. Шаҳар ва туманлар ҳокимликларига 386 марта, бошқармалар ва юқори ташкилотларга 902 маротаба ахборотнома, маълумотнома ва тақдимномалар киритилган.
Айни кунда вилоят ҳудудида фавқулодда ҳолатлар ва ёнғинга қарши курашишда сув таъминотига эътибор қаратилмоқда. Бунда жами 2 минг 871 та ер ости сув иншооти, 1 минг 503 та ёнғинга қарши сув ҳовузи ва 3 та пирс мавжуд бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида ёнғин қутқарув қисмлари шахсий таркиби томонидан мавжуд барча гидроиншоот, сув ҳавзаси назорат тартибида ўрганилиб, носоз ҳолда бўлган 204 та ёнғинга қарши сув олгич иншооти, 105 та ёнғинга қарши сув ҳовузи таъмирдан чиқарилган. Шу йил давомида эса 47 та янги сув олгич шохобчаси ва 7 та янги сув ҳовузи қабул қилиб олинган. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларига батафсил маълумот берилган матбуот анжуманида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган қатор саволларга мутасаддилардан жавоб олди.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси аҳоли ва раҳбарлар таркибини тайёрлаш марказида ёнғин хавфсизлиги ҳамда тезкор қутқарув хизматлари шахсий таркиби фойдаланадиган махсус транспорт воситалари, хизматда қўл келувчи ускуна ва механизмлар кўргазмаси ҳам йиғилганларни бефарқ қолдирмади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА