Йўлларнинг ҳолати бугунги талабга жавоб бермайди
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Солиқ қонунчилиги талабларини янада соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигининг янги воситаларини самарали жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларининг солиқ юкини камайтириш муҳим масалалардан биридир.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнес муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида қизғин муҳокама қилинди. Депутатлар лойиҳани муҳокама қилар экан, юртимизда тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган бир шароитда қонунчилик ҳужжатларини ҳам такомиллаштириш муҳимлигига эътибор қаратди.

Йиғилишда бўш турган бино ва иншоотлардан фойдаланиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш чораларини кўриш, барча ресурсларнинг ижтимоий фойдалилигини ошириш зарурлиги айтиб ўтилди. Чунки бино ва иншоотларнинг тўлиқ ишлатилиши иқтисодий натижадорликка, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Бу эса Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига ҳар томонлама мос келади. Шундан келиб чиқиб, депутатлар қонун лойиҳасини маъқуллади.
Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида ҳам ушбу қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди. Бундан ташқари, йиғилишда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари томонидан қайд этилганидек, бугунги кундаги йўлларнинг ҳолати ўсиб бораётган транспорт воситаларининг тирбандликларсиз ҳаракатланишини таъминлашга жавоб бермайди. Йўл ҳаракати иштирокчилари бўлган транспорт воситалари йўловчилари, пиёда ва велосипед ҳайдовчилар учун йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғри ва тизимли йўлга қўйилмаган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси йўл ҳаракати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш тизимини такомиллаштириш ва йўл ҳаракатида содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳуқуқни қўллаш амалиётида пайдо бўлаётган тушунмовчиликларни бартараф этишга хизмат қилиб, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини қонун билан мустаҳкамлайди.
М.Комилова, ЎзА