Йўл қоидаси – умр фойдаси
БИРНИ КЎРИБ ФИКР ҚИЛ...
– Ўғлимиз 22 ёшга кирди, барча ўртоқларининг машинаси бор, биз ҳам унга машина олиб берайлик, – деди Назира хўжайини Адҳамжонга илтимос оҳангида.
– Аввал ўғлинг яхшилаб машина ҳайдашни ўрганиб олсин, автомактабда ўқисин, кейин олиб бераман, – деди Адҳамжон аёлига рад жавобини бераркан.
– Машина ҳайдашни ўрганиб олиш қочмас, сиз аввал олиб бераверинг, аста-аста ўрганади. Қишлоқда яшасак, кенг кўчаларда бирпасда ўрганиб олади. Боламнинг зеҳни ўткир.
Хуллас, Назиранинг қистови билан Адҳамжон ўғли Баҳромга “Нексия” автомашинасини олиб берди. Янги машинани кўрган онанинг хўжайинига берган ваъдаси ҳам унутилди. Баҳром автомактабга бориб ўқиш ўрнига қишлоқ кўчаларида машина ҳайдашни ўрганди.
Қишлоқда машина ҳайдаш осон, светофор ҳам, турли-туман чизиқлар ҳам йўқ. Аммо шаҳарга ёки туман марказига борса, боши қотиб, шошиб қолишини ўйламаган Баҳром автомактабга бориб ўқишни ўзига эп кўрмади. Шунча қиз-жувонлар бошқариб юрган уловни мен эплолмайманми, албатта, ўрганаман, деган фикр уни чалғитди. Бир-икки марта кўчада машинани “учириб” ҳайдаб юрганини кўрган отаси калитни ўғлидан олиб қўйди, аммо онаси раҳмдиллик қилиб, қайтариб олиб бераверди.
– Сен ўғлингнинг машина ҳайдашига бепарво бўлмагин. Ҳали “опити” йўқ. Худо кўрсатмасин, бирор фалокатни бошласа, кейин ўзингни кечиролмай юрасан.
Умрида машина рулига ўтирмаган аёл ҳайдовчилик масъулиятини қаердан билсин? Билганида, бу ҳақида тушунчаси бўлганида, ўғлини шу ишга ундармиди?
Душанба куни Баҳром ишдан қайтгач, онасига бугун кечқурун туман марказидаги танишиникига меҳмонга боришини айтди. Ўғил онасидан машинани миниб кетишга рухсат сўради. Она ҳам дадасига сездирмай машинада кетаверишини, сезиб қолса, чалғитиб туришини, иложи борича эртароқ қайтишни тайинлади. Онадан миннатдор ўғил “тойчоқ”ни миниб, ўртоқлари билан йўлга тушди.
Зиёфат кўнгилдагидек ўтди. Баҳром рулдаман, мумкин эмас, дейишига қарамай, жўралари уни юз грамм ароқ ичса, ҳеч нарса қилмаслигига ишонтиришди. Зиёфат тугаб, тун қорайган пайти йўлга тушишди. Туман марказига етганида Баҳром рулни бошқаролмай, эсанкирай бошлади. Рўпарасидан келаётган катта машинани кўриб, тамоман ўзини йўқотиб қўйдию машина рулини бошқаролмай, йўл четидаги каттакон дарахтга бориб урилди.
Машина салони орқасида ўтирган икки оғайниси фалокат содир бўлган пайтидаёқ омонатини топшириб, вафот этди. Салон ёнида ўтирган оғайниси ва Баҳромнинг ҳаётини шифокорлар зўрға сақлаб қолишди. Икки дўстининг оламдан бевақт кўз юмишига сабабчи бўлган Баҳром шифохонадан тузалиб чиққач, тўғри суд залига йўл олди. Марҳум дўстларининг етим қолган фарзандлари ва ота-онасининг дод-фарёди-ю таъна-дашномлари бошини эгди.
Суд жараёни узоққа чўзилмади. Ахир, жиноят аломатлари яққол кўриниб турибди. Ҳайдовчилик гувоҳномасисиз рулга ўтирган йигитнинг орзу-ҳаваси унинг панжара ортига тушиш билан якунланди. Ўз фарзандининг жиноят кўчасига киришига, қонунга бўйсунмай ҳаракат қилишига шерик бўлган онаизор эса бошини чангаллаб қолди. Энди унинг афсус-надомати, оҳ-воҳларидан не наф? Икки оилада ўсаётган гулдек болалар етим бўлиб қолди. Назиранинг ўғли Баҳром белгиланган жазо муддатини ўтаб бўлгач, бир куни уйига қайтар, аммо тўрт нафар боланинг оталари ҳеч қачон уйларига қайтиб келмайди, қайтмайди...
Қиссадан ҳисса шуки, ҳар бир инсон машина рулига ўтиришдан олдин ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши, бунинг учун, албатта, ўқиши зарур. Йўл қоидаси – умр фойдаси, деб бежиз айтишмайди. Сизнинг йўл қоидасига доир арзимаган хатою камчилигингиз кимнингдир умрига завол етказиши мумкинлигини унутманг. Зеро, ҳушёрлик ҳамиша давр талабидир.
Ҳомид БОБОҚУЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг судьяси,
Нигора РАҲМОНОВА,
журналист.
ЎзА