Йўл ўтказгич янги қиёфа касб этади
Фарғона ва Марғилон шаҳарларини боғловчи йўл ўтказгичда айни кунларда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. 1976 йилда қурилган, узунлиги 165 метр, эни пиёдалар йўлаги билан жами 24 метр бўлган ушбу йўл ўтказгичда ҳозирга қадар таъмирлаш ишлари бажарилмаган эди.
Йўл ўтказгични оралиқ қурилмалари (балкалари) ва четки тўсиқлари, ёритиш устунлари яроқсиз ҳолатга келганлиги сабабли Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 апрелдаги йиғилиш баёнига асосан Фарғона ва Марғилон шаҳарларини боғловчи 4Р-140а “Фарғона шаҳрига” автомобиль йўлининг 5 километрдаги йўл ўтказгични тўла таъмирлаш объекти 2022 йил таъмирлаш ишлари дастурига киритилган.

Тўла таъмирлаш ишлари давомида йўл ўтказгич устки гидро ҳимояси, устки қопламаси, четки тўсиқлар, ёритиш устунлари янгиланиши, йўл ўтказгичда 3 та 33 метрли ва 28 та 24 метрли жами 32 та оралиқ қурилмалар (балкалар) янгисига алмаштирилиши кўзда тутилган.
Бугунги кунда кўприкда пудратчи Фарғона кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бу ердаги таъмирлаш жараёнини бориб кўрди, бажарилаётган ишлар сифатини доимий назорат қилиш ҳамда объектни 1 ноябрга қадар фойдаланишга топширилишини таъминлаш бўйича вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармасига кўрсатма берилди.
М. Сулаймонов, ЎзА