Ёғочсозлик саноати ривожланмоқда
Республикамизда ёғоч ва ёғочсозлик саноати хомашё базасини мустаҳкамлаш, мебелчиликни ривожлантириш орқали импорт ҳажмини камайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 19 февралдаги «Ёғочсозлик саноати хомашё базасини мустаҳкамлаш ва соҳани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳа ривожида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтаётир.
Қарорга мувофиқ, ёғочсозлик соҳасининг хомашё базасини мустаҳкамлаш, мебель саноатининг барча йўналишларини ривожлантириш орқали ёғоч импорти ҳажмини камайтириш вазифаси белгиланди. Жумладан, 2021-2022 йилларда қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган жами 3 минг 173 гектар захирадаги ерлар ҳамда ўрмон фондининг жами 1 минг 327 гектар тоғолди ва адир ерларида ёнғоқ, чинор, шумтол, қайрағоч ва бошқа мебелбоп дарахт турлари экилади. Мазкур плантацияларни ташкил этиш учун 2 783,6 минг дона кўчат етиштириш назарда тутилган.
2021 йил 10 мартдан бошлаб мебель саноатида ёғоч хомашёси сифатида фойдаланиладиган павловния, ёнғоқ, чинор, шумтол, қайрағоч ҳамда бошқа дарахтлар плантацияларини ташкил этувчиларга зарур кўчат экиш материаллари шартнома асосида етказиб берилиши йўлга қўйилди.
Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилнинг 5 ойи давомида республикамизга хорижий давлатлардан 227,5 миллион долларлик ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари импорт қилинган. Ушбу маҳсулотларнинг энг катта қисми Россия (201,7 миллион), Хитой (7,9 миллион), Эрон (4,9 миллион), Беларусь (3,6 миллион) ва Қозоғистон (3,6 миллион доллар) ҳиссасига тўғри келмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, шу даврда Ўзбекистонга 36 давлатдан ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари импорт қилинган. Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасида ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари 44 гуруҳда, мебель маҳсулотлари эса 94 гуруҳда таснифланади.
Бугунги кунда импорт қилувчилар ёғоч ва ёғоч маҳсулотларини божхона расмийлаштирувида 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи тўлайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 7 июлдаги «Ички бозорни ёғоч-тахта материаллари билан тўлдиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, юридик шахслар томонидан импорт қилинадиган ёғоч-тахта материаллари, ёғоч-тахта ва ёғочдан ясалган буюмларнинг айрим турлари импорт божхона божи тўлашдан озод қилинган.
Жамол ИСРАИЛОВ,
«Сирғали» ТИФ божхона пости инспектори.
ЎзА