Йилнинг энг яхши нотариуси аниқланди
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Бош қомусимизда кафолатланган кўплаб ҳуқуқларимиз нотариал ҳаркатлар орқали тасдиқланади. Соҳа ходимларининг билимли ва ҳалол бўлиши, яъни ҳаракатларнинг қонуний ва адолатли бўлиши эса ҳуқуқларимиз дахлсизлиги кафолати бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон нотариат тизимида амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлардан кўзланган мақсад ҳам шу. Соҳада хусусийлаштириш амалга оширилиши ҳар бир нотариуснинг зиммасига алоҳида масъулият юклади.
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ўз ҳаракати учун жавоб бериш билан бирга, мижозларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилмоқда. Чунки фуқароларда нотариусни танлаш имконияти бор. Шу маънода одамлар ишончини йўқотган нотариус ишсиз қолиши тайин.

Ўзбекистон Нотариал палатаси соҳадаги ишларни янада яхшилаш, нотариуслар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш мақсадида “Йилнинг энг яхши нотариуси” ва “Йилнинг энг яхши нотариал палата ходими” танловларини ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллигига бағишланган танловда Нотариал палата тизимида фаолият юритаётган ходимлар ва барча нотариуслар иштирок этди.
“Йилнинг энг яхши нотариал палата ходими” кўрик-танловида 14 ҳудудий бошқарма ходимлари иштирок этди. Улар ҳакамлар ҳайъати эътиборига ўзлари тайёрлаб келган, нотариат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тақдим этди. Иштирокчиларнинг Конституция ва фуқаролик ҳуқуқи бўйича билимлари ҳам синовдан ўтказилди.
“Йилнинг энг яхши нотариуси” танлови шартига кўра, нотариуслар нотариал ҳаракатларга бағишланган 3-5 дақиқалик видеороликлар тақдим этди. Иккинчи шартда уларнинг Конституция ҳамда нотариат соҳасига оид билимлари синовдан ўтказилди.
- Қонун доирасида фаолият олиб бориш билан бирга фуқароларга намунали хизмат кўрсатадиган нотариусларни аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида ушбу танлов ташкил этилди, - дейди Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров. – Нотариал палата тизимидаги фидойи ходимлар ҳам танловда аниқланди. Бу танлов соҳада соғлом рақобат муҳитини қарор топтиришда муҳим ўрин тутади. Танлов шаффоф ва адолатли ўтказилди. Ҳақиқатда юксак савияда иш олиб борадиган ходимлар ғолибликни қўлга киритди. Ўйлайманки, бошқа ҳамкасбларимиз улардан ўрнак олиб, ўз фаолиятларини яна қайта кўриб чиқиб, фақат яхши иш юритишга ҳаракат қилади.
Танлов натижаларига кўра, Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси масъул ходими Насиба Жўраева - “Йилнинг энг яхши нотариал палата ходими”, деб топилди. Ушбу йўналишда Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси масъул ходими Лазиз Ғуломов иккинчи ўрин, Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси масъул ходими Алишер Ҳамроев учинчи ўринни эгаллади.
Навоий вилояти Навбаҳор туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Аслиддин Фазлиддинов “Йилнинг энг яхши нотариуси”, деб топилди. Хоразм вилояти Урганч шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Барно Авезова иккинчи ўринга, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Алишер Абдиназаров учинчи ўринга муносиб кўрилди.
Н.Абдураимова, ЎзА