Йил якунида қатъий сўров бўлади: Металлургия бўйича берилган топшириқлар ижроси назоратга олинди
Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Соҳа мутасаддилари, вилоят ҳокимлари, комбинатлар, “ақл марказлари”, илмий муассасалар раҳбарлари ва олийгоҳ ректорлари бугун айтилган ҳар бир топшириқ ижросини сўзсиз таъминлаши шартлиги қайд этилди.
Қора металлургияда хомашё базасини кенгайтириш, импортга боғлиқликни камайтириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш, янги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ҳамда хусусий сектор билан кооперацияни кучайтириш асосий вазифалар сифатида белгиланди.
Илмий муассасалар ва олийгоҳларнинг тадқиқотлари амалиётдаги муаммоларга ечим топиш, корхоналарни ривожлантириш ва технологик янгиланишни тезлаштиришга қаратилган бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, илмий ишланмаларни молиялаштириш ва амалиётга жорий қилиш бўйича венчур фонд ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари соҳада “технологик сакраш” қилиш зарурлигини таъкидлаб, йил якуни билан ҳар бир масъул раҳбардан қатъий сўров ва жавобгарлик бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
Йиғилишда мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.
ЎзА