ЙИЛ САРҲИСОБИ: 30,3 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди
Бугун “Иссиқлик электр станциялари” АЖда мазкур ташкилотнинг 2025 йил якунлари сарҳисоб қилинди. Жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Жўраев соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу жараёнда мазкур ташкилот фаолиятидаги ўзгаришларга тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, 2025 йил давомида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан жами 30,3 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу режага нисбатан 2,8 миллиард кВт·соатга кўп бўлиб, қўйилган вазифа 110 фоизга бажарилган. Шунингдек, 9,5 миллион Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиб, режа 100 фоизга уддаланган.

Жамият бошқаруви раисининг сўзларига кўра, ушбу натижалар соҳада амалга оширилаётган модернизация ишлари ва янги қувватларни ишга тушириш билан бевосита боғлиқ.
– 2025 йилда асосий эътибор энергия самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва истеъмолчиларни барқарор энергия билан таъминлашга қаратилди. Эришилган кўрсаткичлар бу борадаги ишларимиз тўғри йўналишда олиб борилаётганини кўрсатади.
2025 йилда инвестиция лойиҳалари доирасида 583,84 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилди, бунда белгиланган режа ижроси 110,1 фоизни ташкил этди. Инвестиция дастури доирасида замонавий, энерготежамкор қурилмаларни жорий этиш мақсадида 2025 йилдаги йирик лойиҳалардан бири- “Талимаржон ИЭС” АЖда 1065 МВт қувватга эга янги буғ-газ қурилмаси ҳамда Юнусобод туманидаги 4-сонли иссиқлик маркази ҳудудида 100 МВт қувватга эга замонавий газ-поршен электр станцияси ишга туширилди. Янги қувватларни ишга тушириш орқали нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини оширяпмиз, балки ёқилғи сарфини камайтириш ва экологик самарадорликни таъминлашга ҳам эришяпмиз, – деди Б.Жўраев.

Шунингдек, тадбирда амалга оширилаётган лойиҳаларга урғу берилди. Унда қайд этилганидек, айни пайтда “Навоий” ИЭСда 650 МВт қувватга эга 3-сонли буғ-газ қурилмасини қуриш ишлари давом этмоқда. Пойтахт аҳолисини иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида Сергели туманида янги когенерация қурилмаси барпо этилди. Натижада иссиқлик тармоқларидаги йўқотишлар 90 фоизга камайтирилиши, қўшимча электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилиши ҳамда табиий газ тежалишига эришилади.
Иссиқлик электр станциялари ва марказларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари доирасида 35 та энергоқурилма таъмирланди. Бу ишлар мавжуд қурилмалар қувватини сезиларли даражада оширди. Корпоратив бошқарув, халқаро стандартлар ва инсон капиталига йўналтирилган ишлар ҳам жамият фаолиятида муҳим ўрин тутади. Ўтган йил давомида бу борада ҳамамалий натижаларга эришилди.

Тадбирда 2026 йилда барча йўналишларда амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унда ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, инвестиция дастурларига доир қатор режалар белгилангани таъкидланди.
Масъулларнинг якуний хулосасига кўра, жамият олдида турган устувор вазифалардан бири барқарор ривожланиш тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва энергия таъминоти сифатини янги босқичга олиб чиқишдан иборат.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА