Йигитлар муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетди
Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими ўтказилди.
Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 26 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими ўтказилди.
Юнусобод тумани ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, бўлажак аскарлар, уларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самара бераётгани, ҳарбий хизматга ёшларимизнинг қизиқиш ва интилиши тобора ортиб бораётгани, Ватан ҳимоячиси бўлиш юксак шарафга айлангани алоҳида таъкидланди.
Жорий йилнинг 6 март куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, ёшларни ҳарбий хизматга чақиришнинг янги тизими амалиётга жорий этилмоқда.
Ўтган давр мобайнида Қуролли Кучларимиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали ягона куч сифатида шаклланди. Тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини янада оширмоқда. Бироқ ёшларни армияга саралаш ва ҳарбий хизматга чақиришнинг амалдаги ҳолати бугунги кун талабларига тўлақонли жавоб бермаслиги инобатга олиниб, бу борада янада самарали тизим ишлаб чиқишни тақозо этди.
– Олдинлари чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш тўғрисидаги қарор туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи томонидан қабул қилинган бўлса, янги тизимда мазкур қарор Қуролли Кучларни бутлаш комиссиялари томонидан амалга оширилади, – деди Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси бўлим бошлиғи, майор Суҳроб Худойқулов. – Чақирилувчиларни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш масъулияти ҳарбий госпиталларнинг ҳарбий шифокорлари зиммасига юклатилди. Бундан ташқари, бир-бирини такрорловчи тиббий комиссиялар, яъни муқобил ҳамда ҳарбий қисмларда ўтказиладиган такрорий тиббий комиссиялардан воз кечилди. Шунингдек, мазкур қарор билан вилоятлар кесимида Раҳбарият кенгаши, Ҳарбий-тиббий комиссиялар, туманларда эса Қуролли Кучларни бутлаш комиссияси фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, улар Раҳбарият кенгаши, ҳарбий-тиббий, бутлаш ва ҳудудий тиббий комиссияларнинг самарали фаолият юритиши учун шахсан масъулдир.
Таъкидланишича, барча фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мудофаа ишлари бўлимларида электрон тизимга асосланган ягона дарча хизмати жорий этилмоқда. Эътиборлиси, чақирилувчилар, уларнинг ота-оналарининг мурожаатлари тўғридан-тўғри Раҳбарият кенгаши томонидан шу жойнинг ўзида якуний тарзда ҳал этилади.
Мазкур янги тизим чақирув тадбирлари очиқ, ошкора ва шаффофлик руҳида ўтказилишини, шу орқали Қуролли Кучларни фидойи, ватанпарвар ва юксак салоҳиятли чақирилувчилар билан бутлаш имкониятини беради.
– Бир набирамни шу ердан ҳарбий хизматга юборган эдик, – дейди Паркент туманида яшовчи Холбой Рўзиев. – У Ватан олдидаги бурчини адо этиб қайтди. Мана, бугун ҳам яна бир набирам муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётганидан хурсандман. Биз ҳарбий хизматни Ватанимиздан узоқда ўтаганмиз. Ўшанда бундай шароитлар йўқ эди. Набираларим ўз юртида йигитлик бурчини ўтаётганидан мамнунмиз. Нияти эзгу, қадами шахдам йигитлар сафига набирам Жамшиджоннинг қўшилаётгани қалбимни ғурурга тўлдирмоқда.
Йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросими катта шодиёнага айланди. Бўлажак аскарларнинг Ватанга муҳаббат, элу юртга садоқат туйғулари жўш уриб турган юз-кўзларидаги ғайрат-шижоати барчада катта ҳавас уйғотди.
– Оиламизда ҳарбий хизматчилар йўқ, – дейди чақирилувчи Ёқубжон Пирматов. – Шу сабабдан ёшлигимдан бу касбга жуда қизиққанман. Ҳарбий хизматчилар билимли, зукко бўлиши, қарорларни тезкор қабул қилишини англаган ҳолда ўз устимда тинмай ишладим. Жисмонан соғлом ва кучли бўлиш учун спорт билан мунтазам шуғулландим. Бугун йигитлик бурчимизни ўташ учун Ватан ҳимоясига отландик. Биз Ватанимиз тинчлиги, ҳамюртларимиз осойишталигини кўз қорачиғидек асраш учун масъул эканимизни ҳис қилган ҳолда халқимиз, Президентимизнинг юксак ишончини оқлашга ваъда берамиз.
Маросимда бўлажак аскарларга эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар янгради.