Йигитлар ҳарбий хизматга кузатилди
Мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ҳарбий соҳани модернизация қилиш ҳамда замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, бугунги кун талабларига жавоб берадиган ва дунё амалиёти тажрибаларига асосланган чинакам миллий армияни шакллантириш, қўшинлар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Бухорода чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга кузатишга бағишланган тадбир ташкил қилинди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, фаоллар, ота-оналар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар миллий армиянинг Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаш, тинчлик-осойишталикни таъминлашдаги ўрни ҳақида тўхталди. Муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган ёшлар эл-юрт ишончини оқлайди, дея ишонч билдирилди.
[gallery-22240]
Шундан сўнг ҳарбий қисм хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Йигитлик бурчини ўтагани отланган йигитларга эсдалик совғалари топширилди.
Ўтган йили вилоятнинг 1 400 нафардан ортиқ ўғлони Ватан олдидаги ўз йигитлик бурчини ўтаб, ёруғ юз билан уйларига қайтди. Албатта, бугун улар ўрнини муносиб издошлари эгалламоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари