Ёшларни қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда
Мамлакатимизда ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Мамлакатимизда ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Буни уларнинг чуқур билим олиши, ўзлари танлаган касбда иқтидору қобилиятини намойиш этишига яратилаётган имкониятларда ҳам кўриш мумкин.
Бухоролик ёшларнинг ҳам дахлдорлик ҳисси, ташаббускорлиги, янгиликка интилувчанлиги, яратувчилик иштиёқи, ўзгариб бораётган давр талабларига ҳозиржавоблиги ошмоқда.
Вилоят ҳокими Ўктам Барноевнинг ёшлар билан юзма-юз учрашувида ҳам бу жиҳат яққол намоён бўлди.
“Ҳоким ва ёшлар” шиори остида ташкил этилган тадбирда олий ўқув юрти талабалари, туман ва шаҳарлардаги умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, спорт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик соҳаларида фаол меҳнат қилаётган йигит-қизлар, Ёшлар иттифоқи фаоллари иштирок этди.
Ўктам Барноев ёш авлодга кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида гапириб, 2019 йилда кўплаб мактабгача таълим муассасалари ва 52 та умумтаълим мактаби биноси қурилгани, шунингдек, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга маҳаллий бюджетдан 48 миллиард сўм маблағ йўналтирилганини таъкидлади. Ҳукумат қарори асосида Қоракўл туманида ихтисослаштирилган халқаро математика мактаби ташкил этилганини алоҳида эътироф этди.
– Бу борадаги ишлар 2020 йилда ҳам давом эттирилиб, Бухоро шаҳрида “Президент мактаби” биноси қурилади. Санъат ва мусиқага иштиёқманд ёшлар учун Мухтор Ашрафий номидаги ижод мактаби ташкил этилади. Мактабгача ёшдаги болаларнинг боғчаларга қамров даражаси кескин ошади, –деди вилоят ҳокими.
Эркин мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар томонидан кўплаб таклифлар билдирилди.
– Икки йил аввал туман ҳокимига мурожаат билан чиқиб, ярим гектар ер майдонида паррандачиликни йўлга қўйган эдим, – дейди ёш тадбиркор Жавоҳир Юсупов. – Ҳозирда бройлер товуқлари сони 10 минг бошга етди. Фаолиятимни кенгайтириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш учун қўшимча экин майдони ва тижорат банки кредити керак.

Бухоро давлат университетининг жисмоний маданият факультети талабаси, “Мард ўғлон” Давлат мукофоти соҳиби Шаҳбоз Бафоев спортнинг техник-амалий турларидан бири авиаракетамодел билан шуғулланади. У Республика ва қатор халқаро мусобақаларнинг совриндори. Шаҳбоз учрашувда жорий йилнинг ёзида Руминияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини берувчи йўлланмани қўлга киритганини маълум қилди. Сафар харажатлари, хусусан, йўлкира масаласи муаммо бўлиб турганини билдирди.
– Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусдан бири ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, – деди Вобкент туманидаги 25-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, ёшлар етакчиси Феруза Жалилова. – Тумандаги 5 та ахборот-ресурс маркази бирлаштирилиб, улар негизида туман ягона кутубхонаси ташкил этилди. Бу яхши. Аммо чекка ҳудудлардан бу ерга қатнов анча ноқулай. Хуллас, олис қишлоқларда кутубхонага эҳтиёж бор. “Ёш китобхон” танлови дастурига киритилган миллий ва жаҳон адабиёти дурдона асарларининг айримлари китоб дўконларида ҳам йўқ. Мактабларнинг китоб фондини мустаҳкамлаш керак. Хуллас, бу масалада ёрдам зарур.
Вилоят ҳокими мазкур мурожаатлар ечимида амалий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.
Мулоқотда шунингдек, синов-тажриба тариқасида ёзда фермер хўжаликларининг буғдойдан бўшайдиган майдонларининг бир қисмини деҳқончиликка қизиқиши бўлган ёшларга ажратиш таклифи билдирилди. Бу уларнинг такрорий экинлар етиштириш ҳисобига оила даромадини кўпайтириш билан бирга соҳада тажриба орттиришида муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, Бухоро ихтисослаштирилган олимпия мактаб-интернатида футбол майдони муаммога айлангани, Қоракўл туманида Ёшлар марказини барпо этиш ва бошқа кўплаб масалаларга доир элликка яқин мурожаат бўлди.
Вилоят ҳокими кўтарилган масалаларга эътибор қаратаркан, уларнинг ҳар бири ўрганилиб чиқилиши, ҳал қилиниши юзасидан тегишли раҳбарларга топшириқлар берди.
Вилоят ҳокими Президентимизнинг бешта муҳим ташаббуси доирасида жозибали ғоя ёки лойиҳа билан чиққан изланувчан йигит-қизлар 5 миллион сўм миқдорида рағбатлантирилиши, илм-фан ва бошқа соҳаларда тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёшлар учун 1 миллион сўм миқдорида ҳоким стипендияси таъсис этилишини билдирд
и. Шунингдек, ёшлар лойиҳалари ва ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят ҳокимлигининг махсус фонди ташкил этилиши қайд этилди.
“Ҳоким ва ёшлар” учрашуви туманлар ва шаҳарларда ҳар 15 кунда ўтказилиши белгиланди. Ҳудудларда узлуксиз ўтказиладиган бундай мулоқотлар жойлардаги ёшлар муаммоларини кенг ва чуқурроқ ўрганишга хизмат қилади.