Ёшлардан янги ғоя ва ташаббуслар кутилмоқда
Келажакда улардан янги ғоялар, таклифлар ва мулоҳазалар кутиб қоламиз.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти”га “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланган аъзолар учун “Ёшлар парламенти” аъзолари ва партия ҳамкорлиги: мақсад, вазифа, режалар” мавзусида биринчи онлайн-семинар ўтказилди.
Тадбир аввалида “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Н.Умаров “Ёшлар парламенти” ва партия ҳамкорлигини янада кучайтириш, аъзоларни қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига жалб этиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали парламент ҳаётига дахлдорлигини янада ошириш зарурлигини таъкидланди.

– “Ёшлар парламенти”га бир ой давом этган сайловларда мамлакатимиз бўйлаб турли соҳаларда фаолият юритаётган 11 мингдан зиёд ёш орасидан 250 нафар аъзо сайланди, – деди Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. – Шулар орасидан 45 нафари бизнинг партиямиз фаоли ҳисобланади. Бу ёшлардан умидимиз катта. Келажакда улардан янги ғоялар, таклифлар ва мулоҳазалар кутиб қоламиз.
“Ёшлар парламенти”нинг режалари ҳақида сўз юритилди. Фаол ва ташаббускор ёшлардан иборат “Ёшлар клуби”ни ташкил этиш, туманлардаги ёшларнинг сиёсий фаол қатламга айланиши учун уларни бирлаштириш, ҳар ойда бир марта ёшлар билан "Очиқ мулоқот" тадбирларини ўтказиш ташаббуслари билдирилди.

“Ёшлар парламенти” аъзоларининг ҳар ойда ўз ҳудудидаги камида икки нафар ёшнинг муаммоларини ўрганиш таклифи ўринли деб баҳоланди. Ёшлар муаммоларининг ечимига қаратилган янги, натижадор лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишга келишиб олинди.
Муҳокамалар жараёнида “Ёшлар парламенти” аъзоларининг партия билан ҳамкорлиги ва уларнинг олдида турган муҳим вазифалар таҳлил этилди. Баҳс-мунозараларда ҳар бир иштирокчи ўз нуқтаи назарини билдирди.
