Ёшлар тараққиётнинг етакчи кучидир
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илк бор ўзбек тилида сўзлаган нутқи барчамизнинг кўнглимизни ғурур ва ифтихорга тўлдирди.
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илк бор ўзбек тилида сўзлаган нутқи барчамизнинг кўнглимизни ғурур ва ифтихорга тўлдирди.
Айниқса, биз зиёлилар, олимлар буни жуда катта мамнуният билан кутиб олдик.
Давлатимиз раҳбари бу сафарги нутқида ҳам халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан муҳим ташаббуслар билан чиқди. Унда минтақа ва глобал миқёсда тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу боис ҳам нутқ нафақат юртимиз, балки халқаро жамоатчиликда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлаш масаласи мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсатининг узвий давоми ҳисобланади.
Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғояси илк бор Президентимиз томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди. Ёшлар ҳар қандай жамиятнинг ажралмас қисми, тараққиёт ҳамда ўзгаришларга ундовчи катта кучдир. Президент Шавкат Мирзиёев бу гал сессияда ҳам Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақиргани ёшлар масаласи доимо кун тартибида эканлигини кўрсатиб турибди.
Юртимизда «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида» қонун қабул қилинди. 30 июнь мамлакатимизда Ёшлар куни сифатида нишонланмоқда. «Мард ўғлон» Давлат мукофоти ва «Келажак бунёдкори» медали таъсис этилди. Ёшлар маънавиятини юксалтириш борасида илгари сурилган беш муҳим ташаббус ва Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури амалга ошириб келинмоқда. Яқинда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар парламенти ташкил этилди.
Хусусан, бугунги кунда университетимизда 18 минг нафардан зиёд талаба ёшлар таълим олаётган бўлиб, улар учун барча шароитлар яратиб берилган. Уларнинг орасида иқтидорлилари анчагина. Муштарийбегим Қурбонова, Мафтуна Ҳомиджонова, Қаҳҳорали Ҳомидов, Феруза Фозилова каби талабаларимиз барчамизнинг фахримиз. Шунингдек, таълим соҳасида Россия, АҚШ, Германия, Франция, Хитой, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон сингари кўплаб хорижий давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўл қўйганмиз.
Давлатимиз раҳбарининг илгари сурган халқаро ташаббусларига дунё жамоатчилиги хайрихоҳ бўлиб, қўллаб-қувватлаётгани ҳам янги Ўзбекистоннинг буюк келажагидан далолатдир.
Равшанжон МАҚСУДОВ,
Фарғона давлат
университети ректори,
профессор