Ёшлар мамлакатнинг мустаҳкам таянчидир
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил 30 июнь куни ташкил этилган эди.
30 июнь – Ёшлар куни
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил 30 июнь куни ташкил этилган эди. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтариш, ёшлар ҳаёти, уларнинг келажаги учун янги саҳифа очилишида муҳим аҳамият касб этди. Эътиборлиси, 30 июнь Ўзбекистон тарихида илк маротаба Ёшлар куни этиб белгиланди.
Ўтган уч йиллик даврга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси ва амалий кўмаги асосида Ёшлар иттифоқи фаолиятига доир жами 50 та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Натижада мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда мутлақо янги тизим яратилди.
Ёшлар иттифоқига ўз вазифаларини бажариши, йигит-қизларимиз чин дилдан интиладиган кучли ташкилотга айланиши учун зарур ҳуқуқий ва амалий ваколатлар, тегишли имтиёзлар яратиб берилмоқда.
Бугун Ёшлар иттифоқи давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда мамлакатимизда «Ёшлар – келажак бунёдкори» шиори остида профессионал фаолиятни самарали амалга оширадиган замонавий тузилмага айланди.
Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссияси, Қонунчилик палатаси ҳузурида «Ёшлар клуби» ташкил этилди.
Иттифоқ фаолиятига яқиндан кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида, ҳудудларда эса ҳокимлар раислигида Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгашлар фаолияти йўлга қўйилди.
56 нафар ёш «Мард ўғлон» давлат мукофоти, 28 нафари эса «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланди
2018 йилдан бошлаб олий таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори лавозими ўрнига ёшлар билан ишлаш бўйича проректори лавозими жорий этилди.
Фаол ёшлар томонидан илгари сурилган ташаббуслар асосида Ёшлар иттифоқи қошида 28 йўналишда нодавлат нотижорат ташкилоти тузилиб, фаолияти йўлга қўйилди.
Марказда ва жойларда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, суд, прокуратура, адлия, ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ташкилотлари раҳбарларининг ёшлар билан доимий мулоқоти йўлга қўйилиб, улар келажак бунёдкорлари олдида ҳисобот бериб бормоқда.
Турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган, юқори натижаларга эришиб, тенгдошларига ўрнак бўлаётган йигит-қизларни рағбатлантириш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти ва «Келажак бунёдкори» медали таъсис этилди. Юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ватанпарвар ва фидойи ёшларнинг 37 нафари «Дўстлик» ордени ва «Шуҳрат» медали, 56 нафари «Мард ўғлон» давлат мукофоти, 28 нафари эса «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланди.
Ўтган қисқа даврда Ёшлар иттифоқи ташкилий-тузилмавий жиҳатдан анча такомиллашди. Ташкилот ўз фаолиятини мақсадли ривожлантириш, халқаро алоқаларни кенгайтириш, ёшларнинг қизиқиш ва интилишларидан келиб чиққан ҳолда турли соҳа ва йўналишларда тармоқ ташкилотлар ишини йўлга қўйиш, бутун тизимнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган бошланғич ташкилотлар таъсирини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Айни пайтда Иттифоқнинг 21 мингдан ортиқ бошланғич ташкилоти фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар 7 миллион 689 минг нафардан зиёд ёшни бирлаштирган. Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича 186 та вазирлик, идора ва ташкилотларда Етакчилар кенгашлари ташкил этилди. Бошланғич ташкилот етакчиси лавозими учун алоҳида штат бирлиги ажратилиб, мақомига кўра раҳбарнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари ёки маслаҳатчиси лавозимига тенглаштирилди.
Тизимда фаолият юритаётган 696 нафар ходим юқори лавозимларга кўтарилди
Ёшлар қатламларини мунтазам равишда қўллаб-қувватлаш фаолиятимизнинг асосий йўналишини ташкил этганини қуйидаги рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Жумладан, 2018-2019 йилларда республика бўйича Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган, олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома асосида таълим олаётган жами 12 минг 897 нафар талаба-ёш шартнома тўловининг 35 фоизи жами 36,2 миллиард сўм маблағ тўлаб берилди.
2018-2019 йилларда олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура йўналишларида таҳсил олаётган талабалар орасидан ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган жами 3 минг 488 нафар талаба-ёш шартнома тўловининг 35 фоизи жами 9,88 миллиард сўм маблағ тўлаб берилди.
Тизимда камида 2 йиллик меҳнат стажига эга бўлган фидойи, етакчилик қобилиятини намоён этган, ватанпарвар, юрт келажагига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган меҳнатсевар ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш бўйича тавсияномалар бериш йўлга қўйилди. Ҳар йили Республика комиссияси хулосасига кўра, 14 нафар ёш ана шу имкониятдан фойдаланиб, имтиёзли равишда талаба бўляпти.
Иттифоқ тизимида ёш кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳам муайян ишлар қилинди. Мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини чуқур ўзлаштирган, истиқболли кадрлардан 8 нафари ҳудудларда ҳоким ўринбосари лавозимларига тайинланди.
Умумий ҳисобда «социал лифт» тушунчаси Ёшлар иттифоқи тизимида фаолият юритаётган 1 минг 640 нафар ходим фаолиятида ўз аксини топди. Иттифоқ тизимида фаолият олиб бораётган ходимларининг 696 нафари юқори лавозимларга кўтарилди.
2 минг 668 та ёш оилага «Ёшлар уйлари» топширилди
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида йигит-қизлар билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида «Ёшлар қабулхоналари» ташкил этилди.
Иттифоқ ташкил топгандан буён ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига устувор вазифа сифатида қаралиб, ўтган давр мобайнида 560 минг 179 нафар ёш бандлигини таъминлашга кўмаклашдик. Хусусан, 2017 йили 28 минг 760 нафар, 2018 йили 46 минг 62 нафар, 2019 йили 360 минг 197 нафар ёшни иш билан таъминлашга эришилди.
Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича 2020 йилга мўлжалланган «Манзилли режа»га кўра, рўйхатга олинган 407 минг 23 нафар 18-30 оралиғидаги ишсиз ёшдан 303 минг 388 нафарининг бандлигини таъминлаш белгилаб олинган эди. Жорий йилнинг 1 май ҳолатига 139 минг 198 нафар йигит-қиз бандлиги таъминланди.
Алоҳида қайд этиш лозимки, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлатимиз учун ҳамиша устувор масала бўлиб келган. Чунки бу – замон талаби. Шу нуқтаи назардан ўтган давр мобайнида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида 7 минг 243 та бизнес лойиҳага жами 1 534,7 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратиш орқали 33 минг 107 та янги иш ўрини яратилишига эришилди.
Жумладан, Давлат дастури доирасида ишлаб чиқариш соҳасида 639,3 миллиард сўмлик 3 минг 102 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 487,8 миллиард сўмлик 2 минг 330 та, қишлоқ хўжалиги соҳасида 269,3 миллиард сўмлик 1 364 та лойиҳа реализация қилинди. Шунингдек, ёшларнинг 30,2 миллиард сўмлик 57 та лойиҳасига Жамғарма кафиллиги тақдим этилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашларига кўмаклашилди.
Ҳудудларда 25 та “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ҳамда 155 та “Yoshlar mehnat guzari” комплекслари фойдаланишга топширилиб, уларда жами 2 минг 122 та янги иш ўрини яратилди.
Ҳунармандлик йўналишидаги тадбиркор ёшлар, айниқса, қизларнинг касаначилик билан банд бўлиши учун қулай шароит яратиш мақсадида бўш турган объектлардан имтиёзли шартлар асосида жой ажратилиб, мини-технологиялар, асбоб-ускуна ва зарур жиҳозлар ўрнатиб бериляпти. Жумладан, ёш ҳунармандларга хомашё сотиб олиш учун кредитлар ажратилиб, ўз бизнесини бошлаган ёш тадбиркорлар томонидан Пенсия жамғармасига тўланадиган суғурта бадалини олинган кредитларни қоплашга йўналтириш тизими жорий этилди.
2017-2019 йиллар давомида 2 минг 668 та ёш оилага «Ёшлар уйлари» берилиб, 121 миллиард 244 миллион сўм миқдорида бошланғич тўлов маблағлари 20 йил давомида фоизсиз қайтариш шарти билан тўлаб берилди.
710 нафар қилмишидан пушаймон бўлганлар «Ёшлар иттифоқи кафиллиги» асосида суд залидан озод қилинди
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни кескин камайтириш, уларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида «Қонун ва адолат – устувор, жиноятга жазо – муқаррар» принципи асосида тарғибот тадбирлари ўтказилди.
2019 йилдан бошлаб, вояга етмаганларнинг ҳуқуқий, сиёсий саводхонлигини ошириш мақсадида «Ёшлар ва қонун» республика танловини ўтказиш йўлга қўйилди. Танловда 8 минг 973 та таълим муассасаларидаги 1 миллион 987 минг 586 нафар мактаб ўқувчиси иштирок этди.
Ёшлар иттифоқи фаолларидан иборат 443 та «Жасорат» клублари фаолияти йўлга қўйилди, уларда 8 минг 636 нафар аъзо фаолият юритмоқда. «Жасорат» клублари томонидан вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб рейдлар ўтказилган.
Якка тартибдаги профилактик тадбирлар натижасида, соғлом турмуш тарзига қайтганлиги учун 6 минг 383 нафар вояга етмаганлар ва 2 минг 944 нафар ота-оналар ички ишлар идоралари профилактик ҳисобидан чиқарилди.
Ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган 7 минг 968 нафар вояга етмаганлар Ёшлар иттифоқи тавсияси асосида махсус ҳисобдан чиқарилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ўртасида 2017 йил 5 декабрда ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Унга кўра ёшлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга жазо тайинлашда Ёшлар иттифоқи кафолат хатига асосан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш механизми жорий этилди.
Шунга мувофиқ, ўтган давр мобайнида адашиб жиноят йўлига кирган, содир этган жиноий қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган 710 нафар ёш «Ёшлар иттифоқи кафиллиги» асосида суд залидан озод қилинди.
Ёшлар иттифоқи тизимида ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш бўйича ҳар ойнинг охирги 10 кунлигида «Барчаси ўз қўлингда!» тарғибот декадаси лойиҳаси йўлга қўйилди.
Таълим муассасалари, корхона ва идоралар, ҳарбий қисмларда, фуқаролар йиғинларида «Ёшлар салбий иллатларга қарши», «Биз жиноятчиликка қаршимиз», «Ёшлар ўртасида бешта ташаббус», «Депутат ва ёшлар» каби мавзуларда тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Ўтган уч йил давомида ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган муаммоларини ҳал этиш мақсадида «Ҳоким ва ёшлар», «Прокурор ва ёшлар», «Суд ва ёшлар», «Депутат ва ёшлар» мавзуларида очиқ мулоқотлар ўтказилиб, ёшларнинг 38 мингдан ортиқ муаммолари ижобий ҳал этилган. Шунингдек, маҳаллаларда «Нуроний ва ёшлар» уч авлод учрашувлари ташкил қилиниб, унда минглаб ёшлар қамраб олинди.
Бешта муҳим ташаббус – тараққиётнинг беш илдизидир
Бунинг учун ёшларимиз аввало соғлом, инновацион фикрлайдиган, ахборот технологияларидан самарали фойдаланадиган ва маънавияти юксак бўлиши керак.
2020 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича 124 та вазирлик, идора ва ташкилотлар билан 2 минг 345 та банддан иборат «Ёшлар дастурлари» ишлаб чиқилиб, имзоланди ҳамда дастурлар ижросига вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан 27,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳаётимизни кескин ўзгартирадиган бешта муҳим ташаббусни илгари сурди. Албатта, билимли, маърифатпарвар, руҳан ва жисмонан соғлом ёшлар мамлакат тараққиётининг гарови ҳисобланади. Ёшларимизни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, уларда замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашдек муҳим муаммолар ечимига қаратилган бешта ташаббус замирида эзгу ният, улуғ мақсадлар ётибди.
Бешта ташаббусни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган стратегия дастлаб Тошкент вилоятининг Бўка, Қуйи Чирчиқ туманлари, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида тажриба сифатида жорий этилди. Шунингдек, 42 та туман ва шаҳарларнинг 168 та олис ва оғир аҳволдаги маҳалла фуқаролар йиғинларида бу тажриба муваффақиятли амалга оширилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида «5 ташаббус лойиҳа офиси» фаолияти йўлга қўйилди.
Агар таҳлил қиладиган бўлсак, бугунги кунга қадар бешда муҳим ташаббус доирасида республикамиздаги барча туман, шаҳар маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгарак ташкил этилди. 6 та маданият маркази, 9 та сунъий қопламали спорт майдончаси қайта таъмирланди. 15 та сунъий қопламали спорт майдончаси, 2 та мактабда янгидан спорт заллари қурилиб, 41 тасининг спорт зали қайта таъмирланди. Республикамиздаги 230 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 7 минг 542 та умумтаълим мактабига умумий қиймати 50 миллиард сўмлик 96 турдаги спорт жиҳозлари, инвентарлари ва кийимлари етказиб берилди. Ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш мақсадида 4 минг 154 километр оптик толали алоқа линиялари ётқизилиб, мамлакатимиз ҳудудларида 25 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди. Ҳудудларга «Маърифат карвони» тадбирлари доирасида 3 миллиондан ортиқ китоб етказиб берилди. «Ёшлар кутубхонаси» рукни остида 59 та номдаги 590 минг дона бадиий адабиёт чоп этилиб, республикамиздаги барча таълим муассасаларининг кутубхоналарига юборилди. Хотин-қизларнинг касб кўникмаларини мустаҳкамлаш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши, уларни доимий иш билан банд қилиш мақсадида 2019 йил 75 та туманда 111 та тикув-трикотаж мажмуалари ташкил этилиб, 35 минг нафар ёш ишга жойлаштирилди. Хотин-қизлар учун жами 170 мингга яқин иш ўрни яратилди. Тижорат банклари ва Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 172 мингдан ортиқ хотин-қизга 4,9 триллион сўм кредитлар ажратилди. 21 минг 500 нафар қиз қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида ўқитилди.
“Дунёда халқлар илм воситаси ила тараққий этади”
Айни пайтда инсоният мураккаб пандемия шароитида, кутилмаган талотўплар замонида яшамоқда. Кўҳна тарих гувоҳ, халқимиз бошига тушган не-не синовларни ақл-заковати, сабр-бардоши ва меҳнаткашлиги билан мардонавор енгиб ўтган. Бугунги пандемия шароитида ҳам халқимиз ўзининг ана шундай юксак фазилатлари билан жаҳонга намуна бўлмоқда.
Мисол учун айни пайтда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи энг ривожланган давлатларни ҳам ўйлантириб турган бир вазиятда мамлакатимизда «Ҳар бир ёшга – бир гектар» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ёшларимиздан 64 минг 871 нафари жойларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган жами 54 минг 232,5 гектар ерда деҳқончилик қилиб, мамлакатимизда озиқ-овқат захирасини яратишга катта ҳисса қўшмоқда. Ёшларимизнинг меҳнатга бўлган бундай муносабати, албатта, таҳсинга сазовордир.
Шу ўринда коронавирус пандемияси бутун дунёни қамраб олган бугунги мураккаб шароитда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишда Ёшлар иттифоқининг кўнгилли ёшлар гуруҳлари муносиб ҳисса қўшганини таъкидлаш лозим.
Улар кўмаги билан республика бўйича жами 14 мингта оилага 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. 870 нафар кўнгиллилар “Call-марказ”ларда аҳоли мурожаатларини қабул қилиш билан шуғулланди.
“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, ривожланган ёш тадбиркорлар томонидан 3 миллиард сўмга яқин хайрия ва ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.
Шунингдек, «Сардоба» сув омбори тошқинидан талафот кўрган оилалар хонадонларини янгидан тиклаш ва улар учун соғлом яшаш шароитларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳамда ҳудудлардан келаётган хайрия маҳсулотларини тартибли жойлаштириш ишларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг минг нафарга яқин волонтёри кўмаклашмоқда.
Бугун жонажон Ўзбекистонимиз ўзининг янги тарихий тараққиёт босқичида турибди. Буюк аждодимиз Маҳмудхўжа Беҳбудий таъкидлаганидек, «Дунёда халқлар илм воситаси ила тараққий этади. Асир ва забун бўлганлар эса илмсизликдан». Шу маънода кўзланган энг олий мақсадларга эришиш янгича фикрлайдиган, ташаббускор ёшларимизнинг бугунги саъй-ҳаракатига, фидойилигига боғлиқ. Чунки энди нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда эскича тартиб-тамойиллар билан яшаб бўлмайди. Буёғига янги ғоя ва инновациялар даври бўлади. Инновацияларни эса ёш авлод ҳаётга татбиқ этади.
Алишер САЪДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
марказий кенгаши раиси,
сенатор.