Ёшлар коррупцияга қарши
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Жиззах вилояти кенгаши ташаббуси билан Ғаллаорол туманида “Биз коррупцияга қаршимиз” шиори остида ёшлар сайли ташкил этилди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Жиззах вилояти кенгаши ташаббуси билан Ғаллаорол туманида “Биз коррупцияга қаршимиз” шиори остида ёшлар сайли ташкил этилди.
Тумандаги Хотира хиёбони ва унинг атрофида ўтказилган “Адолат сайли” тарғибот тадбирида партиянинг республика марказий аппарати масъул ходимлари, вилоят кенгаши фаоллари, кенг жамоатчилик ва маҳалла вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Тадбирда коррупция мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига улкан таҳдид бўлиб, у жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емириши, ислоҳотлар ғоясини обрўсизлантириб, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокига салбий таъсир кўрсатиши таъкидланди.
– Биз ушбу тадбирни навбатдаги кўнгилочар учрашув, партия тарғиботи сифатида ташкил этганимиз йўқ, – дейди партия вилоят кенгаши раиси Ориф Шукуров. – Коррупция нафақат кундалик ижтимоий муносабатларни издан чиқарувчи, балки давлатларнинг ичидан емирилишига олиб келувчи хавфли иллат эканлигини кўпчилик, айниқса, ёшларимиз чуқур англаб етиши керак. Коррупция давлатнинг конституциявий асосларини ҳамда жамиятнинг маънавий-ахлоқий қадриятларини емирувчи иллат эканлигини кўпчилик тушуниб етганида унга қарши кураш самара беради.
Сайил доирасида партия қошида ташкил этилган “Истеъдод клуби”нинг фаол аъзолари томонидан расмлар, тўқилган ўйинчоқлар, китоблар кўргазмаси, турли интерактив ўйинлар, совринли викториналар ўтказилди.
Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, бадиий жамоаларнинг чиқишлари тадбир қатнашчиларига хуш кайфият бағишлади.
Тадбирда фаол қатнашган иштирокчилар партиянинг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.